Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқув-амалий семинар илғор пиллакор хонадонида ўтказилди

Боёвут туманида пиллачилик соҳасини янада ривожлантириш, унинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим амалий тадбир бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарининг 2026 йил 6 мартдаги “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ўқув-амалий семинар туманнинг Усмон Юсупов маҳалласида истиқомат қилувчи тажрибали пиллакор Ойхол Мусаева хонадонида ўтказилди.

Семинарда туманларда фаолият юритаётган тажрибали ва етакчи пиллакорлар, пилла инкубаториялари раҳбарлари, туман ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, аҳолини бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича масъул мутахассислар қатнашишди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова иштирок этиб, Президент қарорида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, пиллачилик тармоғини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр билдирди.  

Таъкидланганидек, пиллачилик қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

– Семинар давомида пилла етиштиришда ҳосилдорликни оширишнинг илмий асосланган усуллари, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда пилла парваришидаги илғор тажрибалар ҳақида амалий тавсиялар берилди,  – дейди туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Меҳринисо Эшонхонова.

Энг муҳими, ўтказилган ўқув-амалий семинар давомида тажрибали пиллакорлар ўз фаолияти давомида орттирган билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиб, соҳа ривожи учун муҳим бўлган амалий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Айниқса, маҳаллалардаги хотин-қизларни пиллачиликка кенг жалб этиш, уларни доимий ва мавсумий даромад манбаи билан таъминлаш, шу орқали оилалар фаровонлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, пиллачилик тармоғини ривожлантириш нафақат иқтисодий самара беради, балки аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, семинар иштирокчиларига Президентнинг “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида пиллачилик соҳасига яратилаётган имтиёзлар, молиявий кўмаклар ва банк кредитларидан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Тадбир доирасида Зулайхо Маҳкамова Боёвут туманидаги 2-сон касб-ҳунар коллежида фуқаролар учун сайёр қабул ҳам ўтказди. Қабулда туман ташкилотлари раҳбарлари ва масъул мутасаддилар иштирок этишиб, аҳоли мурожаатларини тинглашди.

Сайёр қабул жараёнида хотин-қизларни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит олиш, ижтимоий ёрдам, саломатликни тиклаш ҳамда уй-жой таъмири билан боғлиқ масалалар юзма-юз муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, кўтарилган мурожаатларнинг аксарияти тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан шу жойнинг ўзида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар бўйича эса аниқ муддатлар белгиланиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири