
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда Қозоғистоннинг Оқтоу шаҳрида Ўзбекистон экспорт маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада "Ўзэлтехсаноат" уюшмасига қарашли корхоналар ўз маҳсулотларини "Made in Uzbekistan" бренди остида тақдим этяпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тадбир мамлакатимизнинг етакчи экспортчилари учун Қозоғистон бозорига чиқиш, янги ҳамкорлар топиш ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш учун кенг имконият яратмоқда.
Ярмарка доирасида қозоғистонлик ва халқаро ишбилармонлар иштирокида B2B форматда музокаралар ўтказиляпти. Аҳамиятлиси, мазкур кўргазма икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, юртимиз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Кўргазма эртага, 25 март куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА