«Туркистон» санъат саройида таниқли хонанда Озодбек Тилланазаровнинг “Она юрт наволари” номли яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.
Ушбу концерт мақомнинг бебаҳо анъаналарини асраб-авайлаб келаётган ва уларни замонавий талқинда халқимиз қалбига етказаётган ижодкорнинг жонли ижродаги мусиқий туҳфаси, бўлди десак янглишмаймиз. Дастурда санъаткор ўзининг энг сара асарларини жонли ижрода тақдим этди.
Концерт дастури Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов раҳбарлигида, миллий мақом санъатининг нозик жиҳатларини юксак бадиий маҳорат билан ифода этиб келаётган афсонавий Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли ҳамроҳлигида ўтказилди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти Тоир Қўзиев, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли хонандаси “Шуҳрат” медали соҳибаси Нафиса Фармонова мусиқий дастурга ўзгача руҳ бағишлади.
Рақс саҳналари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Феруза Aзатова раҳбарлигидаги “Муножат” рақс ансамбли томонидан безатилди.
[gallery-22759]
Дастурда мумтоз ашулалар билан бирга ўзбек бастакорлари ижоди асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (суратлар), ЎзА