Давр талаби

Ўзбек халқига ҳавасим келади. Сизлар буюк шоир

 Алишер Навоийнинг ворисларисиз, улуғ миллатнинг

фарзандларисиз, катта тилнинг эгаларисиз. Бу билан 

фахрланишингиз, халқингиз ва тилингиз камолига

хизмат қилишдан чарчамаслигингиз керак.  

                                          Расул ҲАМЗАТОВ 

Ҳар бир авлоднинг халқи ва жамият олдидаги вазифаси бўлади. Улуғ мутафаккир Маҳмуд Кошғарийнинг 1070-1071 йилларда ёзган “Девону луғотит турк” асари дунёдаги тилшуносликка оид дастлабки илмий асарлардан бири ҳисобланади. Бу асарда 8 мингдан зиёд туркий сўзларга изоҳлар берилган. Ҳазрат Алишер Навоийнинг 1483–1485 йилларда ёзган “Хамса” асари туркий тилга – ўзбек тилига қўйилган бебаҳо ҳайкал бўлди. Буюк шоиримиз 1499 йилда ёзиб тугалланган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзбек тилининг бойлигини, қудратини аниқ мисоллар орқали исботлаб берди. 

Йигирманчи аср бошларида мустабид тузум қатағон қиличини қайраётганини билганлари ҳолда жадидларимиз  “Нажот – илмда!” сўзларини ўзларига шиор қилиб, халқимизни илму маърифатга чорладилар, янги услубда ўқитадиган мактаблар очдилар, газета-журналлар чиқардилар, она тилимиз қадрини кўтаришга уриндилар, халқаро тилларга яқинлаштириш мақсадида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишга эришдилар. Афсуски, маърифатпарвар жадидларимизнинг орзулари ушалмади. Улардан бизга ойдин орзулар ва она тилимиз жилоланган ўлмас асарлар қолди. 

Бундан ўттиз беш йил илгари юртимизда яшаган авлоднинг вазифаси ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилишига эришиш эди. Улар зиммаларидаги вазифани шараф билан бажаришди – 1989 йил 21 октябрь куни қонунан ўзбек тили Давлат тили мақомини олди! Бу вазифани бажаришда ўзларининг жонкуярликлари билан бир қаторда уларга қардош халқлар шоирларининг ижод намуналари кўмакка келди, қўллаб-қувватлади. Ахир, шоир бутун дунёга жавобгар дея бежиз айтилмаган. 

Мустабид тузум хизматчилари кам сонли миллатлар ҳам қачондир давлат бўлиш учун бош кўтаришини яхши билишарди. Шу боис улар кам сонли миллатларнинг тили ўлади, бор кучимизни мамлакатда ягона тилни, яъни рус тилини ривожлантиришга қаратишимиз керак деган ноинсоний ғояни илгари суришди. Замонасоз сиёсатчилар, олимлар, сафсатачилар оммавий ахборот воситаларида, йиғилишларда “Кам сонли миллатларнинг тиллари ўлади” дея айюҳаннос солишди. Шукурки, ўша даврда таниқли болқор шоири Қайсин Қулиевга ўхшаш она тили ҳимояси учун кўксини қалқон қиладиган мардлар бор эди. 

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида мустабид тузум топшириғига кўра Москвадаги Фанлар академияси йиғилишида мамлакатдаги кам сонли миллатлар тилларини истеъмолдан чиқариш, ягона тилни ривожлантириш масаласи муҳокама этилди. Бу хабарни эшитган Қайсин Қулиев дарҳол йиғилишга етиб борди, депутат бўлгани учун сўз навбати олишга муваффақ бўлди ва таъсирчан нутқ сўзлади: “Ҳозир тил ҳақида гапирганлар билиб қўйсинлар, Ватан учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар сўнгги бор она тилида “Озодлик!” дея ҳайқирганлар. Бу китобий гаплар эмас, балки ботирларнинг қони билан ёзилган ҳаёт фалсафаси, аччиқ ҳақиқатдир. Айримлар “Кам сонли миллатларнинг тиллари ўлади” дея гапираётганидан хабардорман. Буни олимлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳал қилади”. Кейин шеъридаги “Агар тил ўлса, ҳалок бўлар мисли қаҳрамон” мисрасини ўқиди. Нутқ ва шеърий мисра олимларни ҳам, сиёсатчиларни ҳам ҳушёрликка ундади. Лекин Қайсин Қулиев кейинги 12 йил давомида депутатликка сайланмади. Шоир бунга эътибор бермай она тилини мадҳ этаверди ва “Тилшуносга”, “Она тилимга бахшида қўшиқ” каби ўлмас шеърларини яратди.  Айнан унинг “Она тилимга бахшида қўшиқ” шеъри 1989 йили она тилимизга Давлат тили мақомини беришга бағишланган мажлисларда, давра суҳбатларида кўп бор янгради.

Она тилим, бунча жозибадорсан,

Жозибанг туфайли қаторда борсан.

Агар тирик туриб айрилсам сендан,

Дунёда кимса йўқ, нодонроқ мендан.

Сен мардлик тимсоли, озодлик ва шон

Бўлиб келажакка боражак карвон.

Сен ёрқин маёқсан макони баланд,

Оғир замонларни қилмассан писанд.

Сен билан ободдир халқимнинг сайли,

Сенда жаранглайди жамики майли.

Сенга халқим сайли берар ҳамма вақт,

Тоғ дарёсига хос софлик ва қудрат.

Сенда жамулжамдир: мардлар мероси,

Қуёшнинг жилваси, қушларнинг рози,

Шамолда тебранган чинор шивири,

Қизғалдоққа тўлган қирлар тасвири,

Тоғлар салобати, баҳор жаласи,

Жавзо кунларининг иссиқ палласи,

Ошиқ-маъшуқларнинг нозик ишваси,

Ойдин тун ва куннинг муқаддимаси,

Тоғдаги отларнинг дук-дук юриши,

Тарвуз ширасининг оқиб туриши.

Сен Эльбурс қоридай боқий ва поксан,

Алвон уфқларга яқин ҳамроҳсан.

Қиш ҳатлаб ўтганда остонамизни,

Ўт бўлиб иситдинг бошпанамизни.

Сенда роз айтади ёз, қиш ва баҳор,

Сенга тоғ қўйни тор кўринмас зинҳор.

Гап нақди: халқ – узук, сен унга кўзсан,

Сен халқ тақдирига йўлчи юлдузсан.

Кўтарилган чоғлар қоп-қора тўзон,

Жаллодлар қўлидан сен чиқдинг омон.

Она тилим доим соғ-омон қолдинг,

Ахир, сен тоғларга муносиб бўлдинг.

Ҳиммати улуғсан, холис-беминнат

Каттаю кичикка қиляпсан хизмат.

Она тилимдаги қўшиқ-яллалар,

Яратган халқидай абадий яшар.

Болалик чоғимдан суйган тилимсан,

Халқимнинг умиди, менинг дилимсан.

Тунга нур бўлиш ва самандарга хос,

Хислат менга она тилимдан мерос.

Керак бўлса бир зум ўйламай асло,

Сенинг шонинг учун бўлурман фидо.

Мен сенга фидоман ҳаётим ҳаққи,

Менинг она тилим ҳамиша балқи.

Асрлардан асрга гулла ва яшна,

Бошқа тиллар билан тенг одим ташла.

Тил шеъриятда, адабиётда яшайди, бойийди, авлоддан авлодга ўтади, ўзини дунёга танитади. Буни яхши тушунган Қайсин Қулиев рус тилини яхши билгани ҳолда фақат болқор тилида ижод қилди( у уруш даврида ҳарбий журналист вазифасини бажаргани учун рус тилида мақола ва шеърлар ёзганди). Она тили хазинасидан фойдаланган ҳолда юксак бадиий асарлар яратди, уларни дунё халқлари севиб ўқиди, ўқимоқда ва ўқийверади. Шоир асарлари дунёнинг 146 тилига таржима қилингани фикримиз исботидир.

Қайсин оғанинг овозига машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг фикрлари ва шеърлари вобаста янгради: “Мен учун дунёдаги тиллар – осмондаги юлдузлар. Албатта, мен барча юлдузлар бирлашиб осмоннинг ярмини эгаллайдиган битта катта юлдузга айланишини истамайман. Бунинг учун Қуёш бор. Майли, барча юлдузлар ўз ҳолича чарақласин. Майли, ҳар бир халқнинг ўз юлдузи бўлсин. Мен ўз юлдузимни – она тилим авар тилини севаман”. 1989 йили юртимизда энг кўп ўқилган ва тилларда энг кўп янграган шеър Расул Ҳамзатовнинг “Она тилим” шеъри десак айни ҳақиқатни таъкидлаймиз.

Ҳамиша тушимга кирар ҳар бало,

Бу тун ўлган куним кўрибман аён.

Доғистон жазира водийси аро,

Кўксимдан ўқ тешиб, ётибман бежон.

Ёнгинамда жилға оқар жўш уриб,

Ҳеч кимни ўртамас менинг фироғим.

Ўйлабман, тупроққа айланмай туриб,

Маҳкамроқ қучайин она тупроғим.

Мен ўлиб ётибман, билмайди ҳеч зот,

Ҳеч зоғ жасадимга келмайди яқин.

Қайдадир бургутлар чекади фарёд,

Қайдадир кийиклар инграйди ҳазин.

Тепамда ҳеч киши йиғламайди зор,

Бевақт кетди дея, эсга олмайди.

Қошимда на онам, на дўст-ёрим бор,

Ҳаттоки, йиғичи чуввос солмайди.

Мен ўлиб ётибман, ётибман бежон,

Кимлардир келмоқда водий йўлида.

Сўзлар қулоғимга чалинар шу он,

Улар гаплашмоқда авар тилида.

Доғистон жазира водийси аро,

Мен ўлиб ётибман, одамлар бўлса,

Сўзлашар: Али қув, гапга жа бало,

Ҳасан ҳам аямас ким тўғри келса.

Она тилимдаги сўзларни элас,

Эшитган дам кирди жасадимга жон.

Ва билдимки, менга табиблар эмас,

Фақат она тилим бағишлар дармон.

Кимгадир ўзга тил дармон муқаррар,

Мен у тилда қўшиқ куйлашим гумон.

Эртан она тилим йўқолса агар,

Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон.

Айтсалар ҳам авар тили камбағал, 

Менга она тилим суюкдан суюк.

Катта минбарларда тегмаса ҳам гал,

Менга она тилим буюкдан буюк.

Наҳот, Ошиқ Маҳмуд оташ шеърини,

Таржимада ўқир аварлик авлод?!

Наҳот, авар тилга берган меҳрини,

Сўнгги шоирлардан бириман, наҳот?!

Шукурки, мен борман ҳаёт йўлида,

Мамлакатим бўйлаб ошуфта кездим.

Идроким етганча авар тилида,

Ҳаёт ва юртимнинг васфини ёздим.

Юртимдир – Болтиқдан Сахалин қадар,

Шу юртга фидоман, билиб қўйинглар:

Қайда юртим учун жон бермай магар,

Доғистонга олиб келиб кўминглар.

Руҳим шоддир, гоҳо йўловчи, авар,

Шу жойдан ўтганда номим ёдласа.

Бир қур тош лавҳага ташласа назар:

Бунда ётар Расул Ҳамзат Цадаса. 

Ўша даврда кам сонли миллатларнинг тиллари қашшоқ дея камситадиганлар кўп эди. Уларнинг иддаоларига Расул Ҳамзатов қатъий жавобини айтди: “Майли, бошқа бировлар менинг кам сонли халқимнинг тилини қашшоқ деб айтишса айтишар. Лекин мен ўз туйғуларимни, фикрларимни ўз она тилимда қандай хоҳласам шундай ифодалай оламан, бунинг учун мен бошқа тилнинг ёрдамига муҳтож эмасман”. Чиндан ҳам Расул оға авар тилидаги сўзлардан унумли фойдаланган ҳолда “Менинг Доғистоним”, “Оналарни асранг” каби умрбоқий асарларини яратди. Унинг бу асарлари жаҳон адабиёти дурдона асарлари қаторидан ўрин олди ва дунёнинг кўплаб тилларига ўгирилди.

Миллатларнинг она тили гуллаб яшнаши йўлида фидойилик кўрсатган Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатовга елкадош бўлган шоирлардан яна бири қалмоқ шоири Давид Қуғултиновдир. У ҳам рус тилини яхши билгани ҳолда она тили бўлган қалмоқ тилида ижод қилди ва дунёнинг буюк шоирлари қаторидан ўрин олди. Албатта, ўша кам сонли миллатларни тилини асраш ва янада ривожлантириш бўйича қизғин кураш кетаётган вақтда Давид Қуғултинов ҳам она тилига бағишланган шеърини ёзди.     

Ким она тилини суймаса жондан,

Ифтихор этмаса она тилидан 

(Аслида бу туйғу ўтади қондан),

У кимса адашиб кетган йўлидан.

Бундайларга лаънат ёғилар абад,

Чунки онасига бермаган мадад.

Кимки ўз исмининг жарангига маст,

Кибр-ҳаво отидан ҳеч тушмаса паст.

Кимки ўз тилига бўлиб маҳлиё,

Менсимаса ўзга тилларни асло.

Бундайлар сўқирлар ичида сўқир,

Бурнидан нарини кўрмайди ахир.

Унга қайта-қайта уқтир, тушунтир:

Барча тиллар билан дунё бутундир.

Тиллар ака-ука, ўзаро якдил,

Ўзига хос гўзал, бойдир ҳар бир тил.

Тафаккурнинг олий ихтироси тил,

Толе йўлларининг нур-зиёси тил.

Кимки ўйламасдан аччиқма-аччиқ,

Ўзгалар тилига чапласа балчиқ.

Деса: менинг тилим баридан устун,

Қолган тиллар турсин олдида забун.

Бундай иғволарга солмасмиз қулоқ,

Уни даврамиздан ҳайдаймиз шу чоқ.

Миллатлар суяшиб бири-бирини,

Улғайтирди замин тафаккурини.

Қўйганлари учун тилларга ихлос,

Бизга қолди шундай ҳамкорлик мерос.

Пок ниятда учди фазога одам,

Чароғон келажак унда мужассам.

Дарҳақиқат, миллатнинг ёрқин истиқболи она тилида мужассам. Шукурки, Ўзбекистонимиз мустақил давлат, ўзбек тилимиз давлат тили мақомига эга, Ўзбек тили байрами куни нишонланмоқда, юртимизда учинчи ренессанс даврига мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти(БМТ) Бош ассамблеясининг 75-сессиясида она тилимизда нутқ сўзладилар!..

Ҳозиргача БМТ сессияларида фақат расмий тиллари бўлган инглиз, француз, рус, испан, хитой ва араб тилларида нутқ сўзланар эди. Биринчи марта дунёнинг нуфузли ташкилоти минбарида ўзбек тилимиз баралла янгради. Бу барчамизга фахр-ифтихор туйғулари бағишлаши билан бирга зиммамизга катта масъулият ва улуғвор вазифаларни ҳам юклади. Ахир, юртимизда учинчи ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйиш ва дадил қадамлар ташлаш бизнинг зиммамиздаги шарафли вазифа ҳамда келажак авлодлар олдидаги бурчимиз ҳисобланади. Бундай хайрли ишларни амалга оширишда муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги сўзлари бизни истиқбол сари бошлайди: “Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз”. 

Тил қачон куч-қудратини тўла намоён этади? Агар у халқаро тиллар қаторидан ўрин олса. Шу боис ҳозирги авлоднинг тил соҳасидаги асосий вазифаси ўзбек тилимиз БМТ еттинчи расмий тили сифатида эътироф этилишига эришишдир. Она тилимиз БМТ расмий тили сифатида эътироф этилса, Халқаро ўзбек тили куни белгиланади ва бу сана бутун дунёда нишонланади. Бу ўзбек тилимизнинг янада кўпроқ кишилар ўрганишига замин яратади, халқаро миқёсда қўлланиш чегараларини кенгайтиради ва бизнинг барча соҳаларда жаҳон халқлари билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.

Олдимизда турган шундай улуғвор вазифани бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламалдир. Фармонда таъкидланганидай, унинг моддаларини бандма-банд бажариш ўзбек тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширади, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялайди. Бу буюк алломалар юрти бўлган жонажон Ўзбекистонимизда закий аждодларимизга муносиб ворис бўлган, улкан ишларга қодир зукко авлод вояга етади деганидир. Имоним комил, ҳозирги авлод ҳам зиммасидаги вазифани шараф билан бажаради ва ўзбек тили БМТ расмий тиллари қаторидан ўрин эгаллайди.     

Асрор МЎМИН, 

шоир ва таржимон, 

Ўзбекистонда хизмат 

кўрсатган журналист

Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОНА ТИЛИМ – ЖОН ТИЛИМ!