Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизда ўзбек тилининг мавқеи ва мақомини тиклаш, уни асраб-авайлаш борасидаги эзгу ташаббуслар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Анжуманда эътироф этилганидек, она тилига ҳурмат инсоннинг миллий ўзлиги, шаъни, миллий ифтихори, тарбияси, маънавияти билан узвий боғлиқ.
[gallery-25778]
Юртимизда ёшларда она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ва тарғиботини кучайтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўзбек тили ривожи, миллий адабиётимиз, она тилимизнинг равнақига ҳисса қўшадиган кўплаб лойиҳаларни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси билан биргаликда амалга оширмоқда.
Тадбирда она тилимизнинг қадр-қиммати ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Устоз шоирларнинг ижод намуналаридан ўқилди.
Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбири