Ватан ҳимояси – посбонларимиз учун шон-шараф, муқаддас бурч, ор-номус, ҳаёт мазмунига айланган тушунча. Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ватан ҳимoячилари куни мунoсабати билан пойтахтимизнинг “Янги Ўзбекистoн” бoғидаги Мустақиллик мoнументига Қурoлли Кучлар куч тузилмалари раҳбарияти ва шаxсий таркиби тoмoнидан гул қўйиш марoсими бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, сенаторлар, депутатлар, Миллий гвардия, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ Чегара қўшинлари, Божхона қўмитаси ва бошқа ҳарбий соҳа, ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакиллари, фахрийлар, ҳарбийларнинг ота-оналари, оила аъзолари таклиф этилди.
[gallery-27128]
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Ҳолмуҳамедов ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланганидек, бугунги кунда халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритмоқда. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларда Қуролли Кучларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Дарҳақиқат, салкам ўн йиллик давр мобайнида мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари ҳамюртларимиз, уларнинг ҳаёт тарзи, орзу-умидлари, эзгу мақсад-муддаоларида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Ўзининг мустаҳкам позицияси, туб ижобий янгиланишлари билан дунёга танилаётган Ўзбекистон тинчликсевар, ишончли, узоқни кўзловчи сиёсати билан жаҳон ҳамжамиятида тобора ўзига хос обрў ва эътиборга эга бўлиб бормоқда. Айни пайтда Ватанимиз минтақада тинчлик ва барқарорликнинг кафолатини таъминловчи асосий кучга айланиб улгурди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда яқин қўшни ва олис давлатлар билан ишонч ва ҳурматга асосланган, ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу билан бирга, мазкур йўналишда Миллий Армия тизими, ҳарбий соҳани тубдан ислоҳ этиш, уни замон талабига уйғун тарзда модернизациялаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳаётини жонажон Ўзбекистонимиз ҳимояси билан чамбарчас боғлаган ҳарбийларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаровон ва муносиб ҳаёт кечириши, оилавий шароит ва имкониятларини янада яхшилаш мақсадида муҳим ижтимоий чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг имкониятларидан баҳраманд бўлиб камолга етаётган ёшларимизни Ватанга садоқат, юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борадаги муҳим саъй-ҳаракатларга наинки ҳарбий соҳа вакиллари, балки адабиёт, санъат, таълим соҳаси, маҳалла ва нуронийлар, кенг жамоатчилик фидойилари ҳам фаол жалб этилгани эътиборга моликдир.
Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг сана арафасида Мудофаа вазирлиги тизимидаги объектларга ташрифи мазкур йўналишга оид муҳим вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони санага ўзгача кўтаринкилик, янада баланд руҳ бағишлади.
[gallery-27130]
Бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар, эзгу ташаббуслар юрт тақдири, унинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталиги учун наинки ҳарбийлар, балки бутун халқимиз, барча масъул эканини бугунги ўта мураккаб, таҳликали ва тез ўзгариб бораётган, халқаро ҳуқуқий нормалар, халқ дипломатиясига оид тушунчалар бир қадар камайиб бораётган замоннинг ўзи кўрсатмоқда.
– Ўзи туғилиб ўсган, аждодларимизнинг ҳокига қоришиқ табаррук тупроғимизни ҳимоялаш ҳар бир йигит учун чин маънода шон-шараф ишидир, – деди Мудофаа вазирлиги взвод командири, "Содиқ хизматлари учун" медали соҳиби Абдурауф Каримов. – Бу вазифа Она Ўзбекистонимизни, унинг келажаги, халқимизни, фарзандларимизни, истиқболимизни кўз қорачиғидек асраб-авайламак, демакдир.
– Камтарона меҳнатларим юксак қадрланди, – деди Мудофаа вазирлиги капитани, "Жасорат" медали соҳиби Мансур Шомуродов. – "Энг илғор командир" танловида ғолиб бўлдим. Бир неча йиллар давомида Ҳиндистон, МДҲ мамлакатларининг командирлари йиғинларида қатнашдим. Қатор давлатларда ўтказилган “Армия ўйинлари” мусобақаларида олий ўринларга сазовор бўлдим. Менга билдирилган ишонч янада кўпроқ масъулият билан касбга ёндошишга ундайди.
Кечада мустақиллигимизни, тинч ва осойишта кунлармизни, меҳнатсевар халқимизни, Она Ўзбекистонимиз ва ундаги янгиланиш жараёнларини улуғловчи видеолавҳалар, бадиий жамоалар, устоз санъаткорлар ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири