Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоятдаги 828 та маҳаллада истиқомат қилувчи 951 минг 301 нафар ёшнинг “ёшлар баланси” шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўргатиш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотган “Жасорат мактаби” лойиҳаси ҳам муваффақиятли давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳа, ҳаёт йўлини янгидан бошламоқчи бўлган, турли муаммоларга дуч келган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ижтимоий кўникмалар билан таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 3 апрель куни Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Жасорат мактаби” лойиҳасининг янги мавсуми бошланди. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 109 нафар ёш иштирок этди. Йиғин иштирокчилари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Нишон туманидаги ҳарбий қисмга тантанали равишда кузатилди. Ҳарбий қисмларда уларни ҳарбий оркестр мусиқаси остида кутиб олинди. Тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳарбий кийимлар топширилди.
Ўн кунлик дастур давомида ёшлар нафақат ҳарбий кўникмаларни эгаллади, балки тадбиркорлик, IT-технологиялари, қурилиш ва автосервис хизматлари бўйича амалий машғулотларда қатнашди. Иштирокчилар учун кураш, волейбол, арқон тортиш, шахмат ва бошқа спорт мусобақалари ҳамда ҳарбий қисмдаги Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби ўқув хоналарида турли маънавий-маърифий тадбирлар ва дарс машғулотлари ташкил этилди.
[gallery-22823]
Лойиҳанинг тарбиявий қисмларида “Ватан остонадан бошланади” мавзусида ҳарбий-ватанпарварлик учрашувлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, лойиҳанинг ёпилиш маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Норалиев, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Аброр Аҳмедов ҳамда вилоят савдо саноат палатаси, ҳарбий прокуратураси масъуллари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ёшлар билан раҳбарлар ҳарбийлар ҳаёти ва ўзларининг ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашди, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Иштирокчиларнинг таклиф ва мурожаатлари ёзиб олиниб тегишлилиги бўйича йўналтирилди ҳамда шахсан назоратга олинди.
Сўнг машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тадбиркорлик қилиш мақсадидаги ёшларга махсус сертификатлар топширилди. Танловларда ғолиб бўлган иштирокчилар эса диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, намунали хулқ-атвори билан тенгдошларига ибрат бўлган ёшлар вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси тавсиясига кўра пробация ҳисобидан чиқарилди.
– Ўн кунлик хизмат ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди, – дейди яккабоғлик Орифжон Низомов. – Ҳақиқий ҳарбий интизом ва тартибни ҳис қилдим. Айниқса, тадбиркорлик йўналишидаги машғулотларга қизиқиш билан қатнашдим. Ёшларга бу борада яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдим. Уйга қайтгач, бу йўналишда ўз фаолиятимни давом эттиришни мақсад қилдим.
Таъкидлаш лозимки, “Жасорат мактаби” лойиҳасининг бу галги мавсумида синов тариқасида Қашқадарёда илк бор пробация назоратидаги ёшлар билан бирга ҳаётда ўз йўлини топган ва ўз йўналиши бўйича кўплаб ютуқ ва салмоқли натижаларга эришган ёшлар ҳам жалб этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари