Тошкент вилоятида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят ҳокими З.Мирзаев, спорт вазири А.Икромов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров, вилоят ҳудудидаги олий ўқув юртлари ректорлари, спорт мактаблари директорлари, спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарлари иштирок этди. Туман ҳокимликлари студияларидан туман ҳокимлари, туман ёшлар ишлар бўлими раҳбарлари, маҳалла ёшлари етакчилари, маҳалла уюшмаси раҳбарлари, мактабгача ва мактаб таълими тизим масъуллари, туман тиббиёт бирлашмалари, “Инсон” марказлари раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишда спорт вазири томонидан оммавий спортни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар Тошкент вилоятидаги ҳар бир ҳудуд бўйича тақдимот кўринишида тушунтирилди. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва "Президент Олимпиадаси"нинг ўтган йилги мавсумида Тошкент вилояти фаол қатнашгани, бунда нафақат спорт мактаблари, балки маҳалладаги ёшлар етакчиларининг ҳам фидойи хизмати борлиги таъкидланди.

"Беш ташаббус олимпиадаси" спорт мусобақаларида маҳалла ёшларининг фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг юқори натижаларга эришишига ҳисса қўшаётган Бекобод тумани ёшлар етакчиси, тренер-селекционер ва маҳалла фаоллари, ижтимоий ходимлари фаолияти эътироф этилди. 2025 йилда ўтказилган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида Тошкент вилояти спортчиларининг эришган натижалари ҳам таҳлил қилинди.

МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов томонидан жорий йилда 21 та спорт тури бўйича ўтказиладиган мусобақалар ҳақида тақдимот ўтказилди. Спорт вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали ёшларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисоботларнинг шаклланиши ва уларнинг ҳаққонийлиги масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов томонидан олий таълим ташкилотлари ўртасида “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”ни ўтказиш юзасидан ҳам тақдимот ўтказилиб, ушбу мусобақаларда Тошкент вилоятидаги олий ўқув юртлари талабалари ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди. Масъулларга оммавий спорт қамровини кенгайтириш, ёшларни мусобақаларга кенг жалб этиш, электрон рўйхатга олиш тизимида шаффофликни таъминлаш, берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев яқинда Покистон давлатига амалга оширилган хизмат сафари давомида хорижликлар томонидан Осиё қитъасининг фахри сифатида Ўзбекистоннинг спорт соҳасида эришаётган улкан ютуқлари муносиб эътироф этилаётганини таъкидлади.
Якунда спорт жиҳозларини маҳаллийлаштиришни йўлга қўйиш мақсадида кўргазма ҳам ташкил этилди.
А. Мусаев, ЎзА