2025 йилнинг март ойида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман Избоскан тумани Ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шароитларни ўрганиб, қатор камчиликларни аниқлаган.
Жумладан, ҳибсхонада санитария-гигиена ва моддий-техник таъминотга оид жиддий камчиликлар, канализация тизими билан боғлиқ муаммолар борлиги ва айрим маҳбусларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.
Омбудсман томонидан ушбу ҳолатлар бўйича Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасига камчиликларни бартараф этиш ва шу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун тегишли чоралар кўрилиши сўралган.
Маълум қилинишича, мониторинг якунларига кўра, 6 нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланган ва уларга интизомий чоралар қўлланилган.
Жумладан, 1 нафар ходим интизомий кенгаш муҳокамасига қўйилган, 2 нафар ходимга танбеҳ, 2 нафарига эса ҳайфсан интизомий жазолари берилган. Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси раҳбари эса ички ишлар органларидан ўз аризасига кўра бўшатилди.
Ҳозирда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар бошланган бўлиб, уларнинг тўлиқ ҳал этилиши бўйича Омбудсман доимий назорат ўрнатган.
Н.Абдураимова,
ЎзА