Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши бўйича бир неча жамоавий ва якка тартибда мурожаатлар келиб тушган.
Жамоавий мурожаат Сирдарё туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ошхонасида, аутсорсинг шартномаси асосида овқатланиш хизмати кўрсатувчи хусусий корхонада меҳнат қилаётган фуқаролар томонидан юборилган.
Мазкур мурожаатлар Омбудсман минтақавий вакили ҳамда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўрганилди.
Мурожаатда тадбиркор томонидан 16 нафар ишчига май ойи учун қисман ва июнь ойи учун тўлиқ иш ҳақи тўланмагани билдирилган.
Ушбу мурожаат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиши натижасида ишчилар фойдасига 38,4 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Шунингдек, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-оилавий поликлиникада ишловчи ходим К.А. огоҳлантирилмасдан иш ҳақининг 50 фоизи ушлаб қолингани бўйича шикоят қилган.
Мурожаат бўйича ишга оид ҳужжатлар ўрганилганда, фуқаро К.А.га нисбатан меҳнат интизомига оид чоралар белгиланишида белгиланган тартиб бузилгани ва унинг меҳнат ҳуқуқлари поймол этилгани аниқланди.
Ўрганиш натижасида мурожаатчи К.А.га нисбатан ноқонуний равишда қўлланилган ҳайфсан интизомий жазоси ва иш ҳақининг 50 фоизини ушлаб қолиш чораси бекор қилинди.
Омбудсман тақдимномасига кўра, жорий йил биринчи чорагида меҳнат қонунчилигини бузгани сабабли 3 нафар масъулга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган, бир нафар масъулга жиноят иши қўзғатилган эди.
Н.Абдураимова,
ЎзА