Ривожланиш мулоқот ва ҳамкорлик бор жойда юксалади. Ҳатто боғдорчилик соҳасида ҳам. Олтиариқда, “Хайрулло Бойматов” фермер хўжалигида бўлганимизга бир йил ўтибди. Боғ янада кучга тўлиб яйраб кетган. Ҳар туп кўчатда бўлиқ ҳосил. Узум доналари салобатли. Мазаси ёқимтой.
– Узумзорда мен танимайдиган навлар пайдо бўлибдими? – сўрадим мен.
– Ҳа, шундай, – дейди фермер Исоқжон Бойматов. – Мана бу қизил келин бармоғи, буниси Синграм дейилади. Ф-1 навини қаранг, унинг елкасидан учигача дони бир хил, яъни катта-катта бўлади. Бу ҳам янги нав.

– Ҳозир Ўзбекистон бозорида Аватар нави оммалашди. Ундан ҳам экдингизми?
– Бу навни ҳам кўпайтиряпмиз, – дейди моҳир боғбон. – У данаксиз, мазаси ўзига хос, хушбўй ифори бор. Шунинг учун халқ суймоқда. Эрта баҳорда икки-уч пиндикли новдани қаламча усулида экиб кўчатга айлантиряпмиз.
Исоқжон изланувчанликни отасидан ўрганган. У бир тупда 4-5 хилгача узум навларини яратганида шов-шув бўлганди. Мана энди у ҳатто беморлар учун ҳам фойдали узумни кўпайтирмоқда.
– Маълумки, кўп одамларда қанд касаллиги бор ва уларга узум ейиш тавсия этилмайди. Сиз бу масалада қандай фикрдасиз, – сўрадим Исоқжондан.
– Тўғри, узумда шира кўп бўлади, – дейди боғбон. – Лекин Максим навидан истеъмол қилса бўлаверади. Чунки у олма ва гилос таъмини беради. Унда шира кам. Беморга зарари тегмайди, бу навнинг.

Фермер икки юз гектар майдонда узум етиштирган. 30 дан зиёд навлар бор. Ҳаммаси ўзига хос. Ўз вақтида пишади. Исоқжон эса пишганига қараб совуқхонага жойлайди. Бу йил фермер хўжалиги совуқхонаси сиғими 2,5 минг тоннага етди.
– Олтиариқда узумчилик бу қадар ривожланиб кетишининг сабаби нимада деб биласиз?
– Муҳтарам Президентимизнинг Олтиариқ узумчилигига бўлган алоҳида эътиборлари туфайли туманимизда у брендга айланди, – дейди фермер. – Ҳозир жуда катта узум боғлари яратилди. Илгари фақат хонадонларда бўлар эди. Президент ташаббуси билан боғбонга имтиёзлар, қулай кредит ва субсидиялар берилди. Натижада минглаб гектарда янги узум боғлари барпо бўлди.

Олтиариқлик узумчи боғбонлар дунё янгиликларидан хабардор бўлиб туришади. Ҳали у, ҳали бу давлатдан Олтиариққа ҳамкасблари келишмоқда. Улар эса ўша мамлакатларга йўлга чиқадилар.
– Ҳиндистонга бориб малака ошириб келдик. Эртага туманимиздан бир гуруҳ узумчи фермерлар Хитойнинг Турфон шаҳрига йўлга чиқишяпти. У ерда 40 минг гектарда узумзорлар бор. Мақсадимиз ўзаро тажриба алмашиб узумчиликни янада ривожлантириш, – дейди “Хайрулла Бойматов” фермер хўжалиги раҳбари Исоқжон Бойматов.
Турфон Хитойнинг узумчилик пойтахти. У ердаги ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашадиган гаплари кўп бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IOVpQMMJNno?si=pPL8Pr_ONGQ4jHlx" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА