Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Туркий тилли журналистлар жамғармаси ташкил этилганининг 10 йиллигини нишонланди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – “Anadolu” хабар бермоқда.
Форум иштирокчилари Туркий тилли журналистлар жамғармаси ва Жаҳон хорижий матбуот ассоциацияси (WFPA) раҳбариятига тадбирни ташкил этгани учун миннатдорлик билдиришди.
Анжуманда Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси вакиллари, шунингдек, Буюк Британия ва Германиядан туркий тилли ОАВ ходимлари иштирок этди.
Йиғилишнинг асосий мавзуси ягона телеканал лойиҳасининг амалда татбиқ этилиши бўлди.
– Мазкур лойиҳа халқаро ҳамкорлик формати ва параметрлари аниқлангач ишга тушади, - деди Туркий тилли журналистлар жамғармаси президенти Назия Жоямерген.
Медиа форумга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар орасида Туркиянинг “Маданият ва спорт соҳасида Евроосиё ҳамкорлик” жамғармаси раиси Аҳмет Тюзун, Буюк Британиядаги Европа медиа холдинги раҳбари Ватан Оз, “Ўзтурк” газетасининг бош муҳаррири германиялик Аднан Ўзтурк, мамлакатимиздаги “Ҳалқ сўзи” газетасининг масъул котиби Нурлан Усмонов, “Mercan TV” ва “Yeniyol” газетаси директорлар кенгаши раиси Иброҳим Аслан, Шимолий Кипр Турк Республикасидан Орхан Ҳасаноғлу, Туркиянинг Олмаотадаги Бош консули Эврен Мудеррисоглу ва бошқалар иштирок этди.
Йиғин иштирокчилари “Туркийзабон журналистларнинг IV Халқаро медиа форуми бутун дунёдан оммавий ахборот воситалари вакилларини муҳим масалалар ва истиқболдаги стратегияларни муҳокама қилиш мақсадида бир жойга тўплаш учун ажойиб имконият” эканини алоҳида таъкидладилар.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА