К.И.Сатпаев номидаги Қозоғистон миллий техника университетида Марказий Осиё мамлакатларининг дипломатик доира вакиллари, бизнес ва молия ташкилотлари ходимлари иштирокида “TRADEX – Central Asian Trade Expo” III-халқаро савдо форуми ўтказилди.
Тадбир Қозоғистон консалтинг ва савдо компаниялари ассоциацияси, Гонконгнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича савдо кенгаши ваколатхонаси ҳамда К.И.Сатпаев номидаги Қозоғистон миллий техника университети томонидан ташкил этилди.
Ялпи сессиялар давомида Олмаота шаҳар хокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консули Равшан Матчанов, Хитой ва Венгрия консулликларининг савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчилари ва атташелари, шунингдек, савдо ва логистика соҳасидаги экспертлар иштирок этди.
Дипломатимиз Равшан Матчанов ўз нутқида стратегик ўрни ва ривожланаётган саноат базасига эга Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришга катта аҳамият бераётганини қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига фаол интеграция қилиб, халқаро бозорлар, жумладан, ШҲТ, ТДТ ва Евроосиё иқтисодий макони доирасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётгани ва юртимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш масаласи стратегик устувор вазифа эканлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, “Хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача” стратегиясинининг амалга оширилиши туфайли “Made in Uzbekistan” бренди жаҳон миқёсида, айниқса, тўқимачилик, аграр, фармацевтика, машинасозлик ва IT соҳаларида халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон билан ўзаро савдо ҳажми ўсиб бораётгани маълум қилинди. Йил бошидан икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,4 миллиард долларни ташкил этди, қўшма лойиҳалар портфели эса 4 миллиард доллардан ошган.
А.Алимова тайёрлади,
ЎзА