Андижон давлат университетида “Олий таълимда коррупцияга ўрин йўқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа эканлиги, ҳар бир юртдошимиз ушбу иллатнинг олдини олиш ва бартараф этилишига бефарқ қарамаслиги, бу ишдан четда турмаслиги лозимлиги таъкидланиб, мазкур йўналишда муҳим вазифалар белгиланган эди.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан апрель – “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик доирасида жамоатчилик орасида коррупциянинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш, аҳолининг ушбу иллатга қарши муросасиз муносабатини шакллантириш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Андижон давлат университетида ўтказилган давра суҳбати ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Партия вилоят кенгаши етакчилари, фаоллари, депутатлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этган тадбирда олий таълим тизимида коррупциянинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш хусусида атрофлича сўз юритилди.
Дастлаб давра суҳбати иштирокчиларига коррупция жиноятининг келиб чиқиши ва унинг олдини олиш, аянчли оқибатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг экспертлар ва ҳуқуқшуносларнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши депутатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Сарварбек Эргашев ойликнинг мақсади, мазмун-моҳияти, вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева ойлик доирасида Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
– Минг афсуски, олий таълим даргоҳларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради, – дейди партия фаоли, ҳуқуқшунос Мўътабар Содиқова. – Шу боис, биз энг аввало, талабаларда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича аниқ режалар белгилаб олганмиз. Агар ёшлар коррупция жамият ривожига ғов эканлигини тушуниб етса, унинг олдини олишга қўйилган катта қадам бўлади. Давра суҳбати давомида шу ҳақда ёшларга кенг ва атрофлича тушунчалар берилди.
[gallery-22935]
Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, олий таълим тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари