Кейинги йилларда ёшларимизнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматига кўра, ўтган 6 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 170 тага етди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди.
Олий таълимда рақобатни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 24 та хорижий ҳамда 27 та нодавлат олийгоҳлар ташкил этилди. Шу асосда ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 32 фоизга оширилди.
Олий таълимга қамров даражасини ошириш мақсадида республика ОТМларига 2022/2023 ўқув йилида қабул кўрсаткичлари жами 197 минг 858 тани (шу жумладан 16 минг 933 та магистратура) ташкил этиб, ўтган ўқув йилига нисбатан 15 фоизга (27 минг 203 нафар) оширилган. Жорий йилда 25 та янги олийгоҳ фаолияти йўлга қўйилиб, жумладан, нодавлат олий ўқув юртлари 27 тага, хорижий олийгоҳлар 31 тага, давлат олийгоҳлари эса 112 тага етди.
Университетлар таркибидаги 5 та педагогика институти ва 3 та педагогика факультетлари негизида алоҳида Педагогика институтлари, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус ҳамда Термиз филиаллари ҳамда Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали негизида алоҳида институтлар ташкил этилди.
Мамлакатимизда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, Андижон давлат чет тиллар институти ва Наманган давлат чет тиллар институти ташкил этилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети, унинг Бухоро ва Қарши филиалларига алоҳида институт мақоми берилди.
Самарқанд давлат университетида Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Ургут филиали ташкил этилди. Шунингдек “Янги Ўзбекистон” университетининг ташкил этилганлиги иқтидорли ёшларимиз учун яратилган алоҳида имкониятдир.
Шу билан бирга юртимизда хорижий етакчи университетлар филиаллари ташкил этилди. Бунда Санкт-Петербург давлат университети, Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, Қозон федерал университети, Италиянинг Пиза университети филиалларини алоҳида қайд этиш лозим. Бундай салоҳиятли хорижий олийгоҳларнинг фаолияти маҳаллий олийгоҳларнинг ривожланишига ҳам ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Жорий ўқув йилида 200 минг нафардан ортиқ ёшларимиз олийгоҳларга қабул қилиниши режалаштирилган. Бунда давлат грантлари 4 минг 636 тага ёки 10 фоизга оширилди. 2022 йилда олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сони 27 тадан, жами олийгоҳлар сони эса 170 тадан оширилади.
Олий таълим жараёни тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтказилди. Асос сифатида Европанинг ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) тизими қабул қилинди.
Ўқув режа ва ўқув дастурлар таянч олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланиши амалиёти бекор қилинди. Олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берилиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча ўқув режалар ва ўқув дастурлар ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан мустақил ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши тартиби жорий этилди.
Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда ОТМлар томонидан 625 та бакалавриат таълим йўналиши ва 634 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режалар ҳамда 4,7 мингдан зиёд ўқув дастурлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Таълим жараёнига олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида “Рақамли университет” лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS - Higher Education Management Information Systems) ишлаб чиқилди. Бу тизим “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларини бошқариш модулларини ўз ичига олади.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич олий таълим муассасаларида жорий этиш орқали “Ўқув жараёни” модулида гуруҳ журнали, дарс жадвали, имтиҳонлар жадваллари, талабанинг рейтинг дафтарчаси, ўзлаштириш қайдномалари, давомат ҳисоботлари, диплом ва академик маълумотномалар рақамлаштирилди.
“Маъмурий жараён” модулида олий таълим муассасаси структураси, талабалар контингенти ва уларнинг ҳаракати, профессор-ўқитувчилар таркиби тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда ҳисоботларни тайёрлаш рақамлаштирилди.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча давлат олий таълим муассасаларида талабалар ўқув варақаси, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари рақамлаштирилди.
Таълим жараёнини ортиқча меъёрлаштиришни қисқартириш мақсадида олий таълимнинг 26 та таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартларидан воз кечилди ва стандартлар сони 2 тагача қисқартирилди. Мазкур стандартлар ЮНЕСКО томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” (ТХСК 2011) ҳамда “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” (ТХСК-С 2013) асосида қайта ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва Давлат рўйхатидан ўтказилди. Олдинги классификация бўйича 6 босқичли тизим амал қилган бўлса, эндиликда 8 даражали тизим жорий этилди.
Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда ОТМ томонидан 625 та бакалавриат таълим йўналиши ва 634 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режалар ҳамда 4,7 мингдан зиёд ўқув дастурлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Республика олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги 5 йилда 11 минг 990 номдаги янги авлод ўқув адабиётлари яратилди ҳамда нашр этишга рухсат берилди. Жумладан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 1 минг 527 номда (шундан, дарслик – 504 та, ўқув қўлланма – 1 023 та) ўқув адабиётлари нашр этишга рухсат берилган.
Шу билан бирга, сўнгги олти йилда (2017-2022 йй) республика олий таълим муассасаларининг хорижий университетлар билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантлари доирасида 6 минг 151 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди. Уларнинг 2185 нафари Европа, 445 нафари Америка, 1059 нафари Осиё, 2462 нафари МДҲ мамлакатларига юборилди.
Охирги олти йилда (2017-2022) олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 6 минг 279 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинган бўлиб, уларнинг 1 минг 845 нафари Европа, 462 нафари Америка, 1 минг 759 нафари Осиё, 2 минг 213 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари ҳисобланади.
Ахборот тизими асосида шакллантирилган маълумотлар базалари Молия вазирлигининг “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ягона меҳнат тизими”, Солиқ қўмитасининг “Ижара” тизими, Ёшлар ишлари агентлигининг “Ёшлар дафтари”, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Геоахборот тизими”, Халқ таълим вазирлигининг “attestat.edu.uz” тизимига интеграция этилмоқда.
Электрон ҳукуматнинг ягона идоралараро тармоғи билан интеграция қилиш натижасида талабаларнинг ўқиш жойидан маълумотнома сўраш амалиёти бекор қилинди.
Шу билан бир қаторда талабаларга транспорт воситаларидан фойдаланиш учун имтиёзли чипталарни харид қилиш мақсадида Транспорт вазирлигининг ахборот тизимларига интеграция қилиш натижасида талабалардан “талабалик гувоҳномаси”ни қоғоз кўринишида талаб қилишга чек қўйилди. 2022 йилдан бошлаб, талабаларга ижара пулларини қоплаб бериш мақсадида маълумотларни Давлат солиқ қўмитасининг махсус платформасига тақдим этиш орқали ижарага берувчи ва талаба ўртасида электрон шартномалар тузиш йўлга қўйилди.
Айни вақтда, ушбу ахборот тизими олий таълим муассасаларининг маъмурий бошқарув, ўқув, илмий ва молиявий фаолиятини рақамлаштиришга қаратилган бўлиб 35 дан ортиқ турли ҳисоботлар ва статистик маълумотлар фақат электрон тарзда шакллантирилмоқда.
Мазкур ахборот тизими орқали талабалар учун бир қатор хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, барча битирувчи талабаларга диплом ва унинг иловасини электрон тарзда олиш имкони яратилди. Давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабаларга шартномаларини тўлиқ электрон шаклда тақдим этиш хизмати жорий этилди.
2022/2023 ўқув йили бошлангунга қадар олий ва профессионал таълим муассасаларининг мавжуд бўш иш ўринларига ҳужжатларни онлайн топшириш ахборот тизими - vacancy.edu.uz тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Вазирлик томонидан мамлакат олий таълим жозибадорлигини тарғиб қилувчи “Study in Uzbekistan” (“Ўзбекистонда таҳсил олиш”) махсус веб-портали ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур портал Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат, магистратура, докторантура таълим йўналишлари, мустақил тадқиқотчилик, изланувчилик хусусиятидан келиб чиқиб, мавжуд барча таълим йўналишлари ва таълим шакллари бўйича таҳсил олиш истагини билдирган хорижий абитуриентлар ва талабалар учун аризаларни онлайн топширишга имкон беради.
Олий таълим тизимида илмий фаолиятни яхшилаш ва салоҳиятни оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ОТМда 800 мингга яқин талабаларга 33 минг 63 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Илмий даражага эгалар – 13 минг 2 нафар бўлиб, шундан, фан доктори (DSc) – 2 минг 687, фалсафа доктори (PhD) – 10 минг 315 нафарни ташкил этади. Докторлик диссертация ҳимоя кўрсаткичи эса 2017 йилга нисбатан 5,1 мартага оширилиб, илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 39,3 фоизга етказилди.
2022 йилда квоталар сони қарийб 100 фоизга оширилиб, вазирлик тизимидаги олийгоҳларга докторантура учун 1993 та квота (1704 та PhD, 128 та DSc, мақсадли докторантурага 156 та PhD, 5 та DSc) ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка 308 та квота ажратилди. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида 5 минг 166 нафар докторант ва 379 нафар стажёр-тадқиқотчилар илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда.
Ҳозирги кунда 71 та олий таълим муассасаси ва 88 та илмий ташкилотларда (жами 159 та) докторантура фаолияти йўлга қўйилган. Илмий раҳбар/маслаҳатчиларга 5 нафаргача тадқиқотчига раҳбарлик қилишга рухсат этилди.
2021 йилда 1765 та диссертация иши, жумладан, 244 та фан доктори (DSc), 1521 та фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш бўйича ҳимоялар амалга оширилди. 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида республика олий таълим муассасаларида 929 та диссертация ҳимоя қилинди.
Давлат илмий-техник дастуралари доирасида 2021 йилда республика олий таълим муассасаларида умумий маблағи 165 миллиард 447 минг сўм бўлган 403 та илмий лойиҳа, умумий маблағи 21,698 миллиард сўм бўлган 59 та фундаментал лойиҳа, умумий маблағи 94,492 миллиард сўм бўлган 193 та амалий лойиҳа ҳамда умумий маблағи 42,030 миллиард сўм бўлган 101 та инновацион лойиҳа, умумий маблағи 7,225 миллиард сўм бўлган 50 та ёш олимларнинг фундаментал, амалий ва иннновацион лойиҳалари амалга оширилган.
Шу билан бир қаторда 72,8 миллион доллар бўлган 337 та халқаро илмий-амалий лойиҳа бажирилган.
Шунингдек, 27 та олий таълим муассасасида Жаҳон банки кредити доирасида Академик инновациялар фонди маблағлари (4 млн АҚШ доллари) ҳисобидан 32 та лойиҳа йўлга қўйилди. 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида Давлат илмий дастурлари доирасида умумий маблағи 142 миллиард сўм бўлган 370 та илмий лойиҳа бажарилмоқда.
2021 йилда 206 та халқаро ва 273 та республика миқёсидаги илмий ва илмий-техник тадбирлар режага асосан ўтказилди.
Бугунги кунда 15 та олий таълим муассасасида 39 та илмий лаборатория мавжуд бўлиб, 183 нафар ходим лаборатория хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бироқ, ушбу илмий лабораторияларнинг фақат 30 фоизи халқаро стандартларга жавоб берадиган лаборатория ускуна ва жиҳозларига эга. Олий таълим муассасаларида илмий фаолият инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида 7 та олий ўқув юртлариаро илмий лабораторияларини ташкил этиш ва босқичма-босқич жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Халқаро стандартларга жавоб берадиган «Ўзбекистон илмий журналлари» онлайн портали (https://uzjournals.edu.uz) яратилди ва 41 та илмий журнал халқаро талабларга мослаштирилди. Мазкур журналларда бугунгача жами 8 минг 404 та мақола чоп этилди ақола чоп этилди ҳамда 108 та давлатдан 335 мингдан зиёд юклаб олишлар кузатилди.
Жорий йилда 14 та олий таълим муассасаcи ҳузурида “Бизнес-акселераторлар” фаолияти йўлга қўйилди ва ушбу олий таълим муассасаларида “Инкубация марказлари” ташкил этилди ва ҳозирги кунда уларнинг сони 47 та етказилди.
Ҳудудларда «фан – таълим – ишлаб чиқариш» интеграциясини таъминлаш мақсадида 18 та олий таълим муассасасида Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари (ТИҚҚМ) фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Қорқалпоғистон Республикасидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, ёш олимлари ва иқтидорли талабаларини илмий фаолият билан шуғулланишларига зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий таълим муасасалариаро Ахборот маркази (“Information Center”) ва “Кимёвий технология” илмий-тадқиқот лабораторияси кластери ташкил этилди.
“Innoweek – 2021” ҳафталикнинг Халқаро интерактив ярмарка доирасида 13 та олий таълим муассасасидан жами 103 та инновацион, интерактив ҳамда янги турдаги маҳсулот ва хизматлар, тайёр ишланмалар, прототиплар билан иштирок этилди.
Жорий йилдаги яна бир муҳим воқеалардан бири QS-халқаро рейтинг компаниясининг 2022 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтингида 2 та олий таълим муассасаси, жумладан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти 40 поғона кўтарилиб, (ўтган йил 251-ўриндан) 211+ ўринга, Ўзбекистон миллий университети 100 поғона кўтарилиб, (ўтган йил 351-ўриндан) 251+ ўринга эга бўлганидир.
2022 йил сўнгига қадар «Scopus», «Science Direct», «Web of Science» ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналлардаги мақолалар сони 4 000 тага етказилади. «Scopus», «Science Direct», «Web of Science» ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасига киритилган олий таълим муассасалари илмий журналлар сони 5 тага етказилади.
Бухоро, Наманган ва Фарғона давлат университетлари ҳузурида Технопарк ташкил этилади. Илмий даража ва унвонларни бериш ваколати босқичма-босқич ОТМга ўтказилади.
Барчамизга маълумки, бугунги кунда олий таълимга кириш учун ёшлармизга 20 га яқин имтиёз берилган бўлиб, уларнинг асосий қисми давлат гарнти асосида қабул қилинади. Шу билан бирга талабаларга ҳам турли имтиёз ва имкониятлар яратилиб келинмоқда.
Жумладан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун тўлов-контракт миқдорини ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.
2021/2022 ўқув йилида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча олий таълим муассасаларида коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган талабаларга - белгиланган тўлов-контракт миқдорларига нисбатан 10 фоиз чегирма бонуси берилди.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.
Бунда ҳокимликлар ҳар ўқув йилида 100 нафардан хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўлаб беради. Молиявий барқарор олий таълим муассасалари 50 нафаргача хотин-қизларни бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бепул ўқитиб беради.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб мазкур тартибга ўзгартириш киритилиб ҳокимликлар ҳар ўқув йилида 150 нафардан хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўлаб берадиган бўлди.
2021/2022 ўқув йилида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига мазкур ўқув йилида биринчи ўқув йили учун базавий тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.
Маълумот учун, республика давлат ОТМга 2021 йилда 385 нафар талаба учун 2,7 миллиард сўм маблағ қўшимча ажратилди.
2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Бунда ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (300 минг сўм), қолган ҳудудларда - базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари (150 минг сўм) дан ошмаслиги, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилиши, олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.
Мазкур мақсадда 2021 йилда давлат бюджетидан жами 72 миллиард сўм маблағ, 2022 йилда 120,4 миллиард сўм ажратилди. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари)да ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Бунда кредит фоизини ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим муассасасига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, кредитнинг асосий қарзини қайтариш эса ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугатганидан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида тўланади.
Талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўлови давлат бюджети ҳисобидан тўланиши ва стипендиясиз контракт-тўловларини амалга оширилиши белгиланди.
Тегишли молия йилида ҳар бир ОТМда стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоизи ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумининг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган ва мазкур ўқув йилида иккинчи курсда ўқиётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт миқдори давлат бюджети томонидан тўлаб бериш тартиби жорий этилди.
Ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. 2021 йилда талабалар турар-жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш ва икки ярусли кроватларни жорий этиш орқали қўшимча 20 минг ўрин яратилган бўлса, унга қўшимча равишда яна 11 минг ўринли 28 та ётоқхона ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.
Натижада давлат ОТМдаги талабалар турар-жойининг сони 256 тага етказилиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имконияти яратилди ва ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди.
Шунга қарамасдан, ҳозирда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар-жойига эҳтиёж мавжуд. Мазкур эҳтиёжни бартараф этиш учун 2022-2025-йилларда 85 та ОТМда 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар-жойи барпо этиш белгиланди. Шу қаторда, ОТМнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2,1 минг ўринли 5 та талабалар турар-жойи барпо этилади.
Тьюторлар фаолиятининг жорий этилишига катта эътибор қаратилмоқда. 2021 йил 1 сентябрдан талабалар билан ишлаш бўйича “гуруҳ мураббийи” институти бекор қилинди ҳамда ўрнига 1–3-курс талабалари учун муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.
2021-2022 ўқув йилида 97 та ОТМда кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олётган 1-3 курс 402 минг 602 нафар талабалар учун 2 минг 806 та штат бирлигида “Тьютор” лавозими жорий этилиб, барчасига олий маълумотли мутахассислар ишга қабул қилинди.
Натижада талаба билан ишлаш самараси 2 баробарга ортган ҳолда ҳар бир олий таълим муассасасида талабаларнинг ахлоқий тарбияси билан доимий ишлайдиган вакил пайдо бўлди.
Соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш, масъул раҳбарлар ваколат ва имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорига биринчи проректор мақоми берилди.
228 та Талабалар турар жойларида 5 муҳим ташаббус доирасидаги клуб ва тўгараклар учун 500 га яқин махсус жиҳозланган хона ажратилди ва улардан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда фойдаланилмоқда.
103 та давлат ОТМга 840 та ҳамда 788 та профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларга 2118 та маҳалла бириктирилди ва “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Талабаларнинг ижтимоий шароитини яхшилаш ва бандлигини таъминлаш масаласи муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Бугунги кунга келиб, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи мавжуд жами 100 минг нафарга яқин талабалардан 35 минг нафаридан ортиғи, шундан, 3525 нафар чин етим, ногирон ҳамда ижтимоий ҳимоя реестрдаги дафтарларга киритилган талабалар иш билан таъминланди.
Мунтазам равишда олий таълим муассасаларида иш берувчилар билан ҳамкорликда турли меҳнат ярмаркалари ҳамда бизнес учрашувлар ташкил этиш орқали бўш иш ўринларига талабалар ишга йўналтирилиб, уларнинг иш билан бандлиги таъминланмоқда. Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари билан ҳоким ва ректор учрашувлари доимий ўтказилмоқда.
Олий таълим муассасаларида “Карьера марказлари” фаолияти йўлга қўйилиб, унинг таркибида “Коворкинг офис”лари ташкил этилди.
Дарҳақиқат, баландпарвозликлардан холи бўлган бу кўрсаткичларда ёшларнинг самарали олий таълим олиши учун кенг имкониятлар мужассам.
Назокат Усмонова, ЎзА