Олий суд пленумининг мажлисида айрим фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий ва маъмурий судларга илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Мажлисда Судьялар олий кенгашининг тегишли қарорларига мувофиқ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 31 нафар судьянинг қасамёди эшитилди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов судьялар фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда масъулият билан ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан сидқидилдан, ҳалол-пок меҳнат қилиш зарур. Нафақат судьялик ваколатини амалга ошириш жараёнида, балки хизматдан ташқари пайтларда ҳам Судьялар одоби кодекси талабларига оғишмасдан, қатъий риоя этиш шарт.
Суд ҳокимияти обрўси, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан тийилиш шарт.
Тадбирда илк бор лавозимга тайинланган судьяларга мамлакатимизда бошқа соҳалар каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётган бир даврда билим савияларини доимий равишда ошириб бориш, ишни кўриш билан чекланмасдан, мунтазам равишда ўз устида ишлаш ва шахсий ривожланишдан тўхтамаслик лозимлиги айтилди.
Шунингдек, уларга пухта эгаллаган билим ва касбий маҳорат билан одил судловни таъминлашда сидқидилдан меҳнат қилиб, жамиятда адолат қарор топган, фуқаролар ҳуқуқларининг суд ҳимояси кафолатланган янги Ўзбекистонни барпо этишда, суд ҳокимиятининг обрўси ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишида ўз ҳиссасини қўшиб, Ватанимиз ва халқимиз олдидаги фарзандлик бурчини виждонан адо этишига ишонч билдирилди.
Қасамёд қабул қилган янги судьяларга судьялик гувоҳномалари билан бирга Судьялар одоби кодекси топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА