Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий Мажлис депутатлари талабалар билан учрашди

Андижон давлат университетида “Депутат ва ёшлар учрашуви” доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Гулнорахон Абдувоҳидова, Муқаддасхон Аҳмедова ҳамда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов, университет профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этган тадбирда мурожаатнома ва стратегиянинг мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларнинг юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.  

Олий Мажлисдаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Гулнорахон Абдувоҳидова мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий зўравонликка қарши курашиш  масалаларига тўхталди.

Олий Мажлиснинг ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси Муқаддас Аҳмедова Президент Мурожаатномасидаги муҳим устувор йўналишлар, белгилаб берилган вазифалар ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти хусусида маълумотлар берди. Шу билан бирга, бугунги кунда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбиридаги фаол иштирокини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳақида сўз юритди.  

Талабаларнинг Президент Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига оид билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилган давра суҳбати давомида Олий Мажлис депутатлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари