
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида "Саломатлик – туман бойлик" лойиҳаси доирасида олис ҳудуд ҳисобланган Йўлдошобод маҳалласи аҳолисининг саломатлиги, саломатлик кўрсаткичи ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин бўлган хавф омилларини эрта босқичларда аниқлаш, профилактика қилиш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик жараёнларида нафақат туман тиббиёт бирлашмасининг тор доирадаги мутахассислари, балки вилоят даволаш профилактика муассасаларининг кардиолог, гинеколог, эндокринолог, жарроҳ, офтальмолог, онколог каби мутахассислари ҳам иштирок этиб, аҳолининг саломатлик кўрсаткичи лаборатор ва инструментал тарзда текширувдан ўтказилди.
–Ўтказилган тиббий кўрикка 3-саломатлик хавф гуруҳига киритилган юрак- қон томир касалликларига мойиллиги бор, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури билан оғриган, онкологик ва овқат ҳазм қилиш тизими хасталанган фуқаролар, 4-саломатлик хавф гуруҳига киритилган иммун тизими заифланган, респиратор касалликлар ёки инфекцион касалликлар сабаб хавф остида бўлган, жисмоний имконияти чекланган, ортиқча вазнга, психологик ва психиатрия муаммоларга дуч келган, юрак хасталиклари, сийрак касалликлар, органлар аномалиялари ва бошқа оғир касалликлар билан даволанишга муҳтож бўлган фуқаролар ҳам жалб этилди,–дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Уролов.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида 721 нафар эркак ва 768 нафар аёлнинг саломатлик кўрсаткичи ўрганилгач, уларда 13 турдаги касаллик аниқланиб, шундан 163 нафарига амбулатор, 23 нафарига стационар шароитда даволаниш учун тавсия берилди.
–Юрак- қон-томир ва овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ хасталиклар кўпдан қийнаб келади,–дейди шу маҳаллалик Гулнора Улуғмуродова.–Туман марказига борай десанг, биринчидан, узоқлик қилади, иккинчидан эса, узоқ масофага боришга қурбим етмайди. Туман тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари томонидан маҳалламиз ҳудудида ташкил этилган тиббий кўрикка фарзандларим олиб келишди. Бу ишларнинг бошида турган Президентимизга минг раҳмат. Дўхтирлар саломатлигимни ўрганиб, туман тиббиёт бирлашмасида стационар шароитда даволанишим учун йўлланма беришди. Насиб бўлса, соғлиғимни тиклайман. Чунки ҳали қиладиган ишларим кўп.

–Отамни олиб келгандим. Қандли диабетнинг 2-тури, гипертония касаллиги сабабли бу йил қишда ўзини анчагина олдириб қўйди. Текшириб кўриб, вилоят шифохонасига йўлланма, доимий равишда ичиб юриши учун Реимбурсация дастури доирасида бепул дори тақдим этишди,–дейди Сирожиддин Мирзаев.
Хуллас, "Саломатлик – туман бойлик" лойиҳаси доирасида ташкил этилган тиббий кўрик давом этади. Мақсад аҳолини тиббиётга эмас, тиббиётни аҳолига яқинлаштиришдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири