Тадбир Фарҳод сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида кўргазмали семинар шаклида ўтказилди. Унда Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими Улуғбек Йўлдошев, қишлоқ хўжалиги ва ўсимликларни ҳимоя қилиш мутахассислари, илмий тадқиқот институти вакиллари ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарда ғўза қатор ораларига уруғ қадаш, уруғнинг сифатли ўсиши ва ҳосилдорликни таъминлашга қаратилган агротехник чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

– Уруғ қанча эрта қадалса, ҳосилдорлик ҳам шунга яраша бўлади. Ўтган йили Ховос тумани бўйича 8000 гектар ерга буғдойнинг “Андижон-2”, “Аср”, “Васса” ва бошқа турдаги навлар қадалганди, – дейди ҳоким. – Олиб борилган агротехник чора тадбир, деҳқонларнинг тинимсиз меҳнат ва изланишлари сабаб, жорий йилда белгиланган режадан ортиқ, яъни 6 040 тонна буғдой ўриб олинди. Бу эса нафақат деҳқонларнинг, балки аҳоли дастурхонининг ҳам тўкин бўлишида муҳим қадам бўлди. Келаётган мавсумда 5500 гектар ерга экилиши кўзда тутилган сара буғдойдан бу йилгидан ҳам кўпроқ ҳосил олишни режалаштирганмиз.

Семинарда, шунингдек, ғўза майдонларидаги пахтани ўз вақтида йиғиб олиш, дефолиация ишларини ўтказиш ва теримчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ховослик деҳқонлар ҳар йили ана шундай агротехник тадбирлар орқали юқори ҳосил олишни олдиндан кафолатлашга интилишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири