Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси томонидан 2025 йилнинг биринчи чорагида барча ишлаб чиқариш режалари ортиғи билан бажарилди. Бу ҳақида Олмалиқ кон- металлургия комбинати Ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева биринчи чорак якунларига бағишлаб ўтказилган брифингда маълум қилди.
Маълумотларга кўра, биринчи чорак бўйича 8,2 триллион сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган. Амалда 9,1 триллион сўмлик товар маҳсулотлари тайёрланган. Режа 113,9 фоизга бажарилган. Шунингдек, режа бўйича белгиланган 1,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш амалда 2,3 миллиард сўмга бажарилган. Мис катоди ишлаб чиқариш вазифаси эса 101,4 фоизни ташкил этган. Ўз хом ашёмиздан мис ишлаб чиқариш прогнози 118,4 фоизга, рух ишлаб чиқариш эса 102,7 фоизга бажарилган. Мис купороси, эмалланган мис симлар, техник селен ва теллур, перренат аммоний, палладий кукуни каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалари ҳам ортиғи билан бажарилган.
Комбинат томонидан ҳисобот даврида экспорт режаси 105,4 фоизга бажарилиб, 101 миллион 735 минг долларлик мис катоди, мис катанкаси, рух, рух купороси, мис купороси, кадмий, техник теллур каби маҳсулотлар хорижга сотилган. Маҳаллийлаштириш дастури асосида амалга оширилаётган 93 та лойиҳа бўйича 312,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Импорт ўрнини босиш самарадорлиги 24 миллион долларни ташкил қилган. Янги лойиҳалар бўйича 252,7 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Эътиборли томони шундаки маҳаллийлаштирилган маҳсулотлардан 364,2 минг доллар миқдорида экспорт амалга оширилган. Импортни қисқартириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жами 11,6 миллион доллар валюта маблағи тежалган. Кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали жами 436,8 миллиард сўмлик маҳаллий маҳсулотлар хариди амалга оширилган.
Ахборот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, комбинатда инвестиция дастури ва рақамлаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Хусусан, биринчи чорак якуни бўйича 205,4 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган. Тўғридан-тўғри хорижий кредитлар ҳисобидан 105,4 миллион доллар ўзлаштирилган ҳолда режа 101,7 фоизга адо этилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 2025 йилда рақамлаштириш доирасида 21 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 8 та лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва замонавий ахборот тизимларини қўллаш, бошқарув тизими самарадорлигини ошириш ва иш юритиш жараёнини рақамлаштириш, сунъий интеллект тизимини ривожлантириш, IT соҳасида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган. “E-Metrologiya” ахборот тизими ишга туширилгани, 46 мингта назорат ва ўлчов асбобларининг маълумотлар базаси яратилгани шулар жумласидандир. 2900 нафар фойдаланувчиларнинг электрон почтаси ҳимояланди, 5 минг тармоқ қурилмаларини мониторинг қилиш (NAC) тизими яратилди.
Sustainable Fitch рейтинг агентлиги томонидан 2025 йил февраль ойида комбинатга ESG Entity Rating “3” даражали рейтинги ва 56 балл берилди. Бу комбинатнинг барқарор ривожланиш стратегияси, шунингдек, ижобий бошқарув ва экологик профили, тоғ-кон ва металлургия саноатига хос экологик муаммоларни ҳисобга олган ҳолда фаолият юритишини билдиради. Бу рейтинг Республика кон-металлургия саноати соҳасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Баҳолаш комбинатнинг талабларга мувофиқлиги, тасниф(таксономия)ларга риоя қилиши, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшган ҳиссаси ҳамда ESG мезонларини бизнес, стратегия ва бошқарувга интеграция қилишини қамраб олади.
Бундан ташқари, Олмалиқ кон металлургия комбинати жорий йилнинг февраль ойида ISO 50001:2018 талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатни қўлга киритди. Мазкур сертификат энергия истеъмолини тизимли бошқариш, харажатларни камайтириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган халқаро стандарт ҳисобланади. Унинг жорий этилиши корхоналарга энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга ёрдам беради.
ЎзА