
Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Унда Бош вазир ўринбосари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги тизимли чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, юртимизда ушбу соҳада 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Олиб борилаётган фаол ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоиз, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга етди.
— Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг улуши 52,2 фоизни ташкил этди, — деди З.Маҳкамова. — Биргина 2022–2024 йиллар давомида таълим олаётган 397 минг хотин-қизларга 4 триллион 298 миллион 400 минг сўм, шундан 2024 йилда 968,9 миллиард сўм миқдорида 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Қўмита тавсияномаси билан давлат гранти асосида 2020-2024 йилларда 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Беш йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 500 нафар хотин-қизларга қўмита томонидан тавсияномалар бериш тизими орқали олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида 2022–2024 йилларда 1 минг 256 нафар хотин-қизлар ушбу имтиёз орқали олий таълимга ўқишга қабул қилинди. 2021–2024 йиллар давомида эса 6 минг нафарга яқин муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларни олий таълимдаги контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.
[gallery-22325]
Мажлисда қайд этилганидек, опа-сингилларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 2023-2024 йилларда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 34 минг 845 та ўрганишлар ўтказилган. Бу тадбирлар давомида аёлларга нисбатан содир этилган меҳнат муносабатларидаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 5 минг 102 та ёзма кўрсатма, 130 та тақдимнома ва 3 минг 389 та маъмурий жарималар қўлланилган.
2024 йилда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” танлови ўтказилиши натижасида ибратли оилалар сони 45 минг 225 тага ошди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида 200 мингдан зиёд никоҳланувчилар ўқитилди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларга ҳуқуқий тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатиш мақсадида 15 та туманда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда барча туманда тўлиқ йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, қўмита раиси хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, муаммоли аёлларга кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини тиклашида ёрдамлашиш, аёлларга психологик кўмак кўрсатиш каби йўналишлардаги амалий ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берди.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Хусусан, низоли оилалар борасида жойларда муаммолар борлиги қайд этилди.
Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолининг иши KPI тизими асосида баҳоланиши низоли оилалар сонини камайтириб кўрсатишга сабаб бўлмайдими, деган савол ўртага ташланди. Бунга жавобан қўмита раиси низоли оилалар масаласи фақатгина хотин-қизлар фаоли эмас, балки профилактика инспектори ва бошқа вакиллар иштирокида ўрганилаётгани ҳамда бу масала KPI тизимидан чиқарилганини маълум қилди.
Мажлис кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олиниб, парламент эшитуви якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА