English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид ишлар қандай йўлга қўйилган?

Миллий матбуот марказида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар: устувор вазифалар ҳамда амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистонда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, 2026 йил 16 февралдаги тегишли  фармон билан мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди. Шу сана билан қабул қилинган ҳужжат  «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.  

2026 йил 3 мартдаги фармон билан эса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.  

2026 йил 6 март куни бўлиб ўтган Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда  Президентимиз томонидан ушбу йўналишдаги вазифалар яна бир бор устувор масала сифатида белгилаб берилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланиб, ижрога қаратилди. Ушбу ҳужжат асосида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ мақсад ва кўрсаткичлар кенгайтирилиб, соҳага дахлдор вазифаларнинг амалий ижросига алоҳида эътибор кучайтирилди.

[gallery-28127]

“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 25-мақсадини амалга оширишда 11 та асосий самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.

Қўмита томонидан ҳар бир мақсадли кўрсаткич ижросини ташкил этиш бўйича методологик ёндашувлар асосида паспортлари ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини ташкил этиш бўйича  кўплаб муҳим вазифалар белгиланган.

Йилнинг дастлабки икки ойида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда оилалар даромадини ошириш йўналишида аниқ натижадорликка қаратилган ишлар олиб борилди.

Маҳаллаларда хотин-қизларни даромадли меҳнатга жалб этиш мақсадида 10 дан ортиқ йўналиш бўйича 5 минг 146 та бизнес лойиҳа шакллантирилди. Уларнинг асосий қисми ҳунармандчилик, касаначилик, томорқачилик, асаларичилик ва паррандачилик йўналишларига тўғри келади. Мазкур лойиҳалар ҳисобидан 2026 йилда 236  минг 953 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, даромад топишга муҳтож, миграциядан ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 29 минг 707 нафар хотин-қиз учун қисқа ва ўрта муддатли ўқувларни ташкил этиш юзасидан манзилли рўйхатлар шакллантирилди. Касбий таълим агентлиги билан уларни ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш тартиби ишлаб чиқилди. Фарғона ва Сирдарё вилоятларида тадбиркор аёллар билан манзилли учрашувлар ўтказилиб, аниқланган муаммоларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба ва Ховос туманларида хотин-қизларни иқтисодий фаолликка жалб этиш юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, жамоавий бизнесни йўлга қўйишга қаратилган 17 та лойиҳага старт берилди.

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом оилавий муҳитни қарор топтириш ва ажримларнинг олдини олиш борасида ҳам тизимли чоралар кўрилмоқда.  

Низоли оилалар билан манзилли ишлашнинг янги механизми сифатида «Ayol.gov.uz» платформасида «Оила» профили яратилди. Ушбу тизим орқали маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ва ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилган фуқаролар билан ишлаш асосида низоларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш ишлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, туман ва шаҳарлардаги «Оила ва хотин-қизлар масканлари»да 34 мингдан ортиқ оилавий таълим ва оилавий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди.  

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Президентимиз томонидан 6 март кунги байрам тадбирида таъкидланганидек, Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида 43 поғонага яхшиланиб, 48-ўринга кўтарилди.  

Қўмита фаолиятида рақамлаштириш ва манзилли ишлаш механизмларини кучайтириш устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.  

Президентимизнинг 2026 йил 3 март куни қабул қилган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида” фармони бу борадаги ҳуқуқий базани янада кучайтиришга, хотин-қизлар ва болаларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз ижтимоий-ҳуқуқий муҳитни яратиш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтаради.

Тазйиқ ва зўравонликка муросасиз муҳит яратиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишида «Жиноятсиз ҳаёт» лойиҳаси босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. «Хавфсиз маҳалла – барқарор оила» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва республиканинг 20 дан ортиқ маҳалласида тажриба тариқасида амалга оширилди. Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва бошқа салбий ҳолатлар кўпайган 81 та оғир тоифадаги маҳаллада алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Иш жойларида гендерга асосланган тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга хизмат қилувчи намунавий ички низом лойиҳаси тайёрланди.

Матбуот анжуманида айнан шу йўналишлардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, устувор вазифалар ҳамда амалий натижалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА