
Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ва ёшлар ўртасида якунланган Ўзбекистон чемпионати ҳамда "Uzbekistan open" очиқ чемпионати мусобақалари таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ҳудудлардан келган мураббийлар, мутахассислар, тегишли спорт ташкилотларининг раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, терма жамоа бош мураббийи Баҳром Мендибоев, терма жамоа эксперти Холид Корани мусобақалар ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилганини эътироф этди. Шу билан бирга, спортчилар томонидан йўл қўйилган техник хатолар устида ишлаб, уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериб ўтилди.

Шунингдек, спортчиларнинг антидопинг қоидаларига қатъий амал қилишлари лозимлиги, бунда мураббийларнинг масъулияти янги олимпия даврида ҳар қачонгидан юқори экани таъкидланди.

Бу борада федерация ва Миллий антидопинг агентлиги ўртасида яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилгани боис маҳаллий мусобақаларда ҳам спортчилардан допинг синамалари мунтазам олиб борилиши ва бу, Осиё ва Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчиларни саралаш тизимига ижобий таъсир кўрсатишига қаратилгани билан изоҳланди.

Йиғилиш кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – терма жамоада фаолият кўрсатаётган хорижлик мутахассислар ҳамда истеъдодли спортчиларимизнинг машғулот тажрибасини ҳудудларда кенг қўллаш бўлди. Ишлаб чиқилган дастурга кўра, ҳар ойда икки марта онлайн тарзда хорижлик мутахассислар, терма жамоанинг тажрибали мураббийлари, Олимпия ва жаҳон чемпионлигига эришган спортчиларимиз иштирокида ҳудудлардаги мураббий ва мутахассислар, терма жамоа аъзолари учун махсус дарслар, амалий ва назарий машғулотлар ташкил этилиши белгиланди.
Т.Рўзиев, ЎзА