Очиқлик ва шаффофлик таълим тизимининг устувор тамойилидир
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида таълим жараёнидаги очиқликни таъминлашга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди.
“Ўқув жараёнларида коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган очиқ мулоқотда оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда филиал жамоаси иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланмоқда. Айниқса, олий таълим муассасаларида ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, таълим тизимида адолат, ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, таълим муассасаларида талабалар билим ва салоҳиятини холис баҳолаш, улар учун тенг ва адолатли шароит яратиш, ўқув жараёнларининг очиқлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралаётгани таъкидланди.
Тадбирда филиалда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди. Қайд этилишича, ўқув жараёнларини шаффоф ташкил этиш, баҳолаш тизимида адолат тамойилларига қатъий риоя қилиш, талабалар мурожаатларини тизимли ўрганиш ва ҳар қандай коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, талабалар билан мунтазам очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг мурожаат ва таклифларни ўрганиш, ўқув жараёнларини доимий назорат қилиш, адолатсизлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби чоралар таълим муассасасида соғлом, адолатли ва ишончли таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Мулоқотда журналистлар томонидан берилган саволларга филиал масъуллари атрофлича жавоб қайтарди. Шунингдек, таълим жараёнларида шаффофликни таъминлаш, талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда коррупция ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар таълим жараёнларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.