
Самарқандда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этишда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловнинг қуйи босқичларида вилоятдаги 654 нафар маҳалла раиси, 1300 нафардан ортиқ кўчабоши, 2800 нафарга яқин хонадон эгалари иштирок этди. Ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафардан иштирокчи вилоят босқичида ўз маҳоратини кўрсатди.
– Илгари ҳар бир хонадон бекаси эрта тонгда туриб ҳовли ва кўчаларни тозалар, эркаклар эса атрофни кўкаламзорлаштириб, саранжом-саришта қилар эди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Собиржон Муродов. – Аммо кейинги вақтларда бу гўзал анъаналаримиз бир оз унутилаётгандек. Маданият, маърифат, барака обод жойда бўлади, албатта. Танлов халқимизнинг айни қадриятини қайта жонлантириш ва янада такомиллаштиришга қаратилган.
[gallery-22328]
Икки шарт бўйича беллашган иштирокчиларни тегишли соҳалар вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра, “Обод хонадон” йўналишида Нарпай тумани Ўзбекистон маҳалласи Дуоба қишлоғидаги 235-хонадон эгаси Ҳаким Расулов, “Обод кўча” бўйича Ургут тумани Ипакли маҳалласи Абдулла Қаҳҳор кўчаси (кўчабошиси Асрор Турсунов), “Обод маҳалла” йўналишида Қўшработ тумани Шовона маҳалласи (раис Азиз Абдувоҳидов) ғолиб бўлиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Бизнинг хонадон нафақат обод, балки оиламизнинг қўшимча даромад манбаи ҳамдир, – дейди Ҳаким Расулов. – 20 сотих ердан ҳар йили уч марта ҳосил оламиз. Етиштираётган олти турдаги карам, турли сабзавотларимизнинг бозори чаққон, бир йилда 100-150 миллион сўм даромад келтиради. Тажрибамизни бошқаларга ҳам ўргатяпмиз.
Кўрик-танлов ғолиб ва фаол иштирокчиларига ташкилотчиларнинг совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари