ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Зиё маҳалласида ҳам Наврўз байрами арафасида ташкил этилган умумхалқ ҳашари уюшқоқлик ва фаолликда ўтказилмоқда.
Мазкур маҳаллада бугунги кунда 7 минг 520 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 18 та кўп қаватли уй, 18 та талабалар ётоқхонаси мавжуд. Шунингдек, 128 та корхона ташкилот фаолият юритади.
“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари доирасида маҳалла ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалик ишлари амалга оширилаётир. Жумладан, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи, талаба ётоқхоналари ва ижтимоий объектлар ҳудудларини тартибга келтириш, чор атрофни тозалаб, йиғилган чиқиндилар олиб чиқиш ишлари бажарилмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказиш, маҳаллалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13–14 март кунлари юртимиз бўйлаб умумхалқ ҳашари ташкил этиш белгиланган.
[gallery-28118]
Зиё маҳалласида ҳам мазкур тадбирни самарали ташкил этишда “Маҳалла еттилиги” аъзолари фаол иштирок этмоқда. Хусусан, маҳалла раиси ҳашар ишларини мувофиқлаштириш, ҳоким ёрдамчиси эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларига эътибор қаратмоқда. Шунингдек, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимлар томонидан маҳаллада тозаликни таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўмаклашиш ишлари амалга оширилаётир.
Маҳалла аҳолисининг бирдамлиги ва фаол иштироки натижасида ҳудуд янада обод ва файзли қиёфа касб этади. Обод юртга эса байрамлар ярашади.
Камола Юсупова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА