Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда.
Обод турмуш, фаровон ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз бунёдкорларининг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тўйхонасида бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, юртимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу юмушларига муваффақият тилади.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз аграр тармоғи янги босқичда ривожланиб, тинч, тўкин ҳаётни таъминламоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар яхши самара бермоқда.

Жанубдаги вилоятда ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда фан ютуқлари, инновацион ғоялар, шунингдек, сув тежовчи технологиялардан оқилона фойдаланилаётгани ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, бундан беш йил аввал 74,1 гектар пахта майдонидан 201,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, якунланаётган йилда 62,9 минг гектар ердан 291,1 минг тонна хом ашё териб-йиғиб олинди. Ғаллакорлар 2020 йил 93 минг гектар майдонда бошоқли дон парваришлаб 619,4 минг тонна ҳосил йиғиб олган бўлса, бу йил 89,3 минг гектар майдондан 820,7 минг тонна хирмон кўтарди. Шунингдек, 2,3 минг тонна пилла, 2 миллион 311 минг тонна мева-сабзавот, 226,8 минг тонна гўшт ва 1 миллион тоннадан зиёд сут, 610,5 миллион дона тухум етиштирди.

Аграр тармоқ ривожланган вилоятда олтита пахта-тўқимачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, иккита ғаллачилик, битта шоличиликка ихтисослашган кластер қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда. Кейинги икки йилда пахта парваришлашда хориж тажрибаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йил 3,3 минг гектар майдонга, бу йил 16,2 минг гектар ерга Хитой тажрибаси асосида чигит қадалиб, мўл ҳосил тўпланди. Сабзавотчиликда ҳам илғор инновация ва фан ютуқлари кенг қўлланилиб, ўтган йил 3,2 минг гектар, бу йил беш минг гектар майдонда интенсив сабзавотчилик жорий этилди.

Сайёрамизда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бир пайтда Сурхон воҳасида ички бозорни арзон, табиий озиқ-овқат билан таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортини кўпайтириш учун етарли қулайлик мавжуд. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш ва қишлоқ одамларининг даромад манбаини кўпайтириб, обод турмуш кечиришини таъминлаш учун хонадонларда томорқачилик ривожлантирилаётир. Жорий йилда 4,3 миллиард сўм маблағ эвазига Термиз туманида “Сурхондарё инновацион томорқа мактаби” ташкил этилиб, томорқа-ер эгаларига харидоргир ва талаб юқори озиқ-овқат экинларини парваришлаш жараёнлари чуқур ўргатилаётгани бунга яққол далилдир. Бунинг учун ҳудудда ўқув биноси, уч гектар майдонда иссиқхона ва уч гектарда ўқув-тажриба майдони барпо этилди. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Уч гектар майдондаги тажриба участкасида Тошкент алегатор, Сурхондарё жайдари, Кенза, Исмалоқ каби кўкатлар, банан, папая, лимон етиштириш жорий этилди.

Ўқув курсларига уста-деҳқонлар, етук олим ва мутахассислар бириктирилиб, тингловчиларга юқори даромадли экин экиш ва йилига 3-4 марта ҳосил олиш орқали 1 сотих ердан ўртача 10-15 миллион сўм даромад топиш амалиёти ўргатилмоқда. Келгуси йил воҳадаги 77 минг аҳоли томорқаси ва 2 минг 241 гектар ижара ер майдонида 14 турдаги сердаромад экин парваришлаш режалаштирилди.
Соҳада юз бераётган катта ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаб, аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётгани аҳамиятли бўлмоқда.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Намунали томорқачи”, давлат хизматчилари ва қишлоқ хўжалиги ходимларига соҳани ривожлантиришдаги ҳиссаси учун “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” ҳамда “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Байрам тадбири файзли дастурхон атрофида санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди. Вилоятда меҳнаткаш ва фидойи қишлоқ хўжалиги ходимларининг касб байрамига бағишланган тадбирлар давом этади. Жумладан, эртага Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан миллий кураш мусобақаси бўлиб ўтади. 21 декабрь куни Ангор туманидаги “Қорақир” массивида қизиқарли улоқ-кўпкари беллашувлари ташкил этилади. Ҳар иккала мусобақа ғолиблари ҳам қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА