Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод маҳаллалар — юрт кўрки

Қарор ва ижро

Сўнгги йилларда ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги “Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Оҳангарон, Паркент ва Бекобод туманларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда.    

Хусусан, Бекобод туманида 51 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Шундан 2025 йил иккинчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, 23 та маҳалланинг хизмат биноси замон талабларига жавоб бермайдиган даражада эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори  асосида жойлардаги 17 та  маҳалла биноларини янгидан қуриш ишлари олиб борилиб, янги, шинам, замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган бинолар кетма кет фойдаланишга топширилмоқда. Улардаги хоналар зарур мебель жиҳозлари ва компьютер жамланмалари билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, Қўрғон, Уяс ва Бобур Мирзо  маҳаллалари биноларида эса қайта реконструкция ишлари олиб борилиб, замонавий кўринишга эга бўлди. Бунинг учун 250 миллион сўмлик банк ҳомийлик маблағлари ажратилди.

Жумладан, Қўштамғали маҳалласи янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудудда инфратузилма тўлиқ янгиланиб, аҳоли учун барча қулай шароит яратилди. Кўчалар ободонлаштирилди, ижтимоий объектлар ва жамоат жойлари замонавий қиёфага келтирилди.Маҳалладаги бунёдкорлик ишлари нафақат ҳудуднинг ташқи кўринишини ўзгартирди, балки аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, ана шундай эзгу ташаббусларнинг ёрқин намунаси сифатида шаҳар типидаги янги, замонавий Фарҳод маҳалласи биноси қурилиши ҳам бошланган. Мазкур бинода маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар билан самарали ишлаш учун қулай муҳит яратилади. Бундан ташқари, бинода фуқароларни қабул қилиш хоналари, мажлислар зали, шунингдек, ёшлар ва аёллар учун алоҳида иш хоналари ташкил этилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг  “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши жойларда янгиланиш ва тараққиёт жараёнларига янги суръат бағишлади. Бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган  саъй-ҳаракатлардан аҳоли мамнун. Биргина Бекобод тумани мисолида ҳам белгиланган қурилиш ва реконструкция ишлари Наврўз умумхалқ байрами ҳамда Маҳалла тизими ходимлари куни арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилади.

А. Мусаев, ЎзА