
Навоий вилояти Педагогик маҳорат маркази томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда марказда 5 та кафедра фаолият юритиб, 34 нафар профессор-ўқитувчи педагогик фаолият олиб бормоқда. Улардан 3 нафари фан доктори, 13 нафари фан номзоди, 7 нафари катта ўқитувчи ва 11 нафари ўқитувчилардир. 2024-2025 ўқув йилида профессор-ўқитувчилар томонидан 3 та дарслик, 4 та ўқув қўлланма, 2 та монография, 12 та услубий қўлланма ва 15 та услубий тавсия тайёрланди.
Дастлаб марказ директори Ўктам Мардонов марказ фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва педагогларнинг малакасини ошириш, таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ҳамда эришилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Бугунги кунда марказимизда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида иш ташкил этилмоқда, – дейди Ўктам Мардонов. – Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилди. Улар ҳар беш йилда бир маротаба иш фаолиятидан ажралган малака ошириш курсларида қатнашади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш соати” ҳамда “Касбий ривожланиш куни”, мактабгача таълим ташкилотларида эса “Методик маҳорат соати” ва “Методик маҳорат куни” жорий этилди. Бу мактаб ва мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
ОАВ вакилларига замонавий рақамли технологияларни таълим жараёнига жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, Meta Quest 3 виртуал кўзойнаклари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун мобил малака ошириш хизматлари йўлга қўйилди. Мобил малака ошириш автобуси қуёш панели билан жиҳозланган бўлиб, замонавий технологиялар – 10 дона ноутбук, интерактив монитор, ёзув доскаси ва интернет тарқатувчи қурилмалар билан таъминланган.
– Фармонга кўра, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълимнинг узлуксизлиги ҳамда узвийлигини таъминлаш, мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, соҳада фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнига инновацияларни, илғор педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш белгиланган, – дейди марказнинг мактабгача таълимни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Сурайё Мансурова. – Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида барча мактабгача таълим ташкилотларида малака оширишнинг “Методик маҳорат соати”, таянч мактабгача таълим ташкилотларида эса “Методик маҳорат куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилмоқда. “Методик маҳорат куни” доирасида таянч мактабгача таълим ташкилотлари тренерлари томонидан бошқа мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари учун ўқув машғулотлари ва семинарлар ўтказилади. “Методик маҳорат соати” доирасида эса директор ўринбосарлари томонидан мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари фаолияти таҳлил қилинади, уларга методик ёрдам кўрсатилади ва касбий ривожланиши бўйича тавсиялар берилади.
Ушбу мобил малака ошириш автобусида нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига хизматлар кўрсатилмоқда.
Жорий йилда марказда 5821 нафар педагог-ходимнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Пресс-тур иштирокчилари айни пайтда марказда ўқитувчилар ва тарбиячиларнинг малака ошириш жараёнлари билан яқиндан танишди.
[gallery-22257]
– Бугунги кунда мактабгача ва бошланғич таълим методикаси кафедрасида педагогларнинг малакасини оширишда 5 та марказ йўналишида семинар-тренинг шаклида дарслар ташкил қилинмоқда, – дейди кафедра ўқитувчиси Дилфуза Жўраева. – Қуриш-ясаш ва математик, сюжетли роль ўйинлари ва драмалаштириш, нутқ ва тил, фан ва табиат ҳамда санъат марказларида малака оширишга келган педагогларимиз гуруҳларга бўлинган ҳолда турли шакллар ясаш, чизиш ва бошқа йўналишларда билимларини оширади ҳамда ўзлари фаолият олиб бораётган таълим муассасасига борганларида амалда қўллайди.
Албатта, бугун Педагогик маҳорат марказида таълим сифатини ошириш ва замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, педагогларнинг малакасини ошириш орқали таълим инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари