Сўнгги йилларда мамлакатимизда фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига, жамиятимиз ҳаётининг узвий қисмига айланди. Ўз навбатида, катта ҳаётий тажриба мактабига эга бўлган нуронийлар ҳар жабҳада ибрат намунасини кўрсатмоқда.
Наманган вилояти Тўрақўрғон маданият марказида ташкил этилган кенг кўламдаги мулоқотда нуронийларнинг ҳар жабҳада фаол бўлаётгани ҳақида сўз юритилди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов кун тартибидаги долзарб масалаларга эътиборни қаратди.

Таъкидлаб ўтилганидек, замон шиддат билан давом этаётган бир шароитда бугун халқимизнинг онгу шуури юксалган, фаровон ҳаёт, тинч-тотув оила, комил ва билимли фарзандлар, чиройли тўй-томошаларга интилиш барчанинг нияти. Аммо, айрим муаммолар ҳам борки, уларни ҳал этишда нуронийлар иштироки муҳим.

Шунинг учун ҳам сентябрь ойида нуронийлар ёрдамига таянган ҳолда ажрим ёқасида турган оилаларга алоҳида эътибор қаратиш масаласи илгари сурилди. Эндиликда ҳар бир маҳаллада 15 кишидан иборат “Нуронийлар ва ота-оналар кенгаши” тузилиб, керакли вазифалар юклатилди.

Йиғилишда республика “Нуроний” жамғармаси раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов, жамғарманинг туман бўлими раиси, фаол фахрий Одилхон Хўжаев, Ўзбекистон Қаҳрамони, қишлоқ хўжалиги фахрийси Халчахон ая Мирзаева ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, барчани фаолликка чорлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.