
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Туман аҳолисининг сув таъмнотини яхшилаш мақсадидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.


Мазкур қарор ижроси доирасида тумандаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий ичимлик суви тармоқларини яратиш, мавжуд сув қувурларини янгилаш ҳамда аҳолини узлуксиз ва сифатли тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган эди. Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида янги сув тармоқлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш учун янги сув қувурлари тортилаяпти. Мавжуд инфратузилма модернизация қилиниб, эскирган қувурлар янги ва стандартга тўла жавоб берадиганларига алмаштирилаяпти. Аҳолига ва ижтимоий тармоқларга узатиладиган тоза сув сифати яхшиланиб, филтрация тизимлари ўрнатилмоқда ва сув етказиб бериш барқарорлиги таъминланмоқда.

Ушбу лойиҳалар туман инфратузилмасини янада ривожлантиришга ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари