Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида капитал таъмирдан чиққан иккита объектнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига тўёна сифатида ҳарбий қисмдаги қоровулхона биноси капитал таъмирдан чиқарилди. Қоровул шахсий таркиби эндиликда хизматни янгиланган бинода, қулай ва барча шароитларга эга бўлган объектда олиб боради.
Бинони фойдаланишга топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Яратилган бундай имконият ва қулайликлар юрт ҳимоячиларининг ижтимоий ҳимояси йўлидаги навбатдаги амалий ишлар экани тадбир давомида таъкидланди.
Шундан кейин капитал таъмирдан чиққан ҳарбий қисмнинг кейинги объекти – техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш пунктининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи техника ва қурол-аслаҳаларга сифатли техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш, уларни доим соз ва жанговар шай ҳолатда сақлаш учун мўлжалланган.
Таъкидлаш жоизки, таъмирталаб ҳолатга келган ушбу объектда техникаларга белгиланган регламент асосида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун шароитлар етарли эмас эди. Қолаверса, ҳаво ҳарорати паст бўлган қиш кунлари боксларда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун иситиш тизими ҳам бўлмаган.
Капитал таъмирлаш ишлари натижасида техникалар ва қурол-аслаҳаларга белгиланган барча турдаги техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш учун қулайликлар яратилди.
Замонавий дастгоҳ ва агрегатлар билан жиҳозлганган ушбу объектда мойлаш ишларини амалга ошириш, фильтрлар ва ҳаво кассеталарини ювиш ва мойлаш, стабилизаторлар, тунги мосламалар, электр жиҳозлари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш постлари яратилди. Шунингдек, монтаж-демонтаж, агрегатларни жорий таъмирлаш, чилангарлик, электрогаз пайвандлаш, темирчилик, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш, ёнилғи аппаратлари ва тентларни таъмирлаш ҳамда бўёқчи каби ўнлаб ишчи жойлари яратилди.
Тадбир давомида меҳмонлар яратилган шароитлар ҳамда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи имкониятлари билан яқиндан танишди.
[gallery-3763]
ЎзА