
Нукус шаҳридаги “Телемарказ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир гектар майдонда “Департамент боғи” барпо этилди.
Тадбирда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда нуронийлар иштирок этди.

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, боғ яратиш, табиатни ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, экология тозалигини сақлашдек хайрли ишга муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Тадбир давомида яхши ниятлар билан 300 тупга яқин мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Экилган кўчатларни парвариш қилиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан келишиб олинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур боғ келажакда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга, ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга ажратиб берилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.