Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Нукус тумани бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб туман марказидаги “Оқманғит” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи канал атрофида аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида барпо этилаётган махсус хизмат кўрсатиш жойи ва “Халқ сайили” савдо-кўнгилочар маркази қурилиши билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан Дўстлик каналининг Нукус тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида янги лойиҳа қурилиши бошланиш арафасида турибди. Умумий баҳоси 101 миллиард сўм, шундан 45 миллиард сўм бюджет маблағи, 56 миллиард сўм инвесторлар маблағи ҳисобидан қуриладиган лойиҳа доирасида канал бўйида “Оқманғит Турист” халқ сайилгоҳи ташкил этилиши режалаштирилган. Унда 24/7 режимида хизмат кўрсатувчи кўнгилочар масканлар, канат йўли, аквапарклар, болалар майдончалари, дам олиш ва савдо ўринлари, зоопарк, отчопар майдони жойлаштирилиши белгиланган бўлиб, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Асосийси, бу ҳар қандай ёш тоифасидаги меҳмонларга хизмат кўрсатувчи масканга айланади.

“Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида янгидан ташкил этилаётган ўрдак боқиш лойиҳаси кўздан кечирилди. Бу ерда жами 40 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, ўрдакларни кўпайтириш, тухум ва гўшт маҳсулотларини етиштириш белгиланган.
Шундан сўнг, тумандаги кўча бошлиқлари, нуроний-оқсоқоллар билан учрашув ўтказилиб, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳали ҳам ечимини кутаётган муаммоларга ечим топиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилиб, кун тартибидаги масалалар танқидий муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири