30 июнь – Ёшлар куни (рукн)
Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўлидир. Энг яхши инвестиция эса таълимга, тарбияга тикилган сармоядир.
Шу маънода, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, замонавий таълим масканлари, спорт иншоотлари ва маданий марказлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида якунига етган 2024-2025 ўқув йилини муваффақиятли тамомлаган, келажак сари ишонч билан қадам қўяётган умумтаълим мактаблари битирувчиларини тақдирлаш маросими ҳам айни шу ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев мактабларни аъло баҳолар билан муваффақиятли тугатган ўғил-қизларни, уларнинг устоз муаллимлари ва ота-оналарини байрам билан табриклаб, самимий тилакларини билдирди.

Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тўғри тарбиялаш, зарарли таъсирлардан асраш долзарб масалалардан эканлигини таъкидланиб, ёзги таътилда ўқувчиларни оромгоҳлар ва фойдали машғулотларга жалб этиш, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ва турли кўнгилочар санъат кечалари ўтказиш юзасидан тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Жорий ўқув йилида 5 минг 257 нафар ёш мактабни якунлади. Битирувчиларнинг 315 нафари чет тилларни билиш даражасидаги – “IELTS” сертификатга эга бўлиб, шундан 440 нафари муддатидан олдин талабалик шарафига муяссар бўлди. Эътиборлиси, 67 битирувчи ёш хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Биргина, Наманган шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг икки нафар битирувчиси, “IELTS” ҳамда “SАТ”дан юқори балларни олиб, халқаро сертификатларга эга бўлган Зиёдулло Қўзибоев ва Сайдулло Сўпижонов “Pechak” лигаси (“Ivy League”) таркибига кирувчи, дунё рейтингида 15-ўринда турувчи Пенсилвания университети талабаси бўлди. Улар АҚШдаги нуфузли олий таълим даргоҳида таҳсил олади.

Тадбирда, намунали хулқи, одоб-ахлоқи, оммавий тадбирларда фаоллиги билан тенгдошларига ибрат намунасини кўрсатган 67 ўқувчи олтин, беш битирувчи кумуш медаллар билан тақдирланди.
Медаллар топшириш маросимининг ўзига хос ва унутилмас лаҳзаларида шаҳар ҳокими битирувчиларни юксак натижалари билан чин дилдан табриклаб, келгуси ўқиш ва ишларида зафар тилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА