
Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилади. Мазкур тадбир мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеадир.
Бундай тадбир Марказий Осиё минтақасида илк маротаба бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирни Ўзбекистон заминида ўтказиш ҳақидаги қарор юртимизнинг халқаро майдондаги обрўси ортиб бораётганидан ва кенг эътироф этилаётганлигидан далолатдир. Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси халқаро парламент ҳамкорлигини ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, қонунчилик соҳасидаги тажриба алмашиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Унда муҳокама этиладиган масалалар замонавий жаҳон тараққиёти ва хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Жаҳон ҳамжамияти олдида турган мураккаб муаммолар – халқаро хавфсизлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, барқарор ривожланиш ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишда парламентлараро мулоқотнинг ўрни катта.
Хусусан, Ассамблеянинг кун тартибида хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, иқлим ўзгаришига қарши кураш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва парламентларнинг бу жараёнлардаги ўрни каби масалалар муҳокама қилинади. Бугунги глобал мураккаблик ва халқаро муносабатлардаги таҳдидлар фонида парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчилик асосларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар билан чиқмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликка қаратилган ташаббуслари ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. 150-Ассамблея қарорлари жаҳон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга ва умумий барқарорлик йўлидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, муҳокама этиладиган масалалар умумий тараққиёт ва хавфсизлик учун катта аҳамиятга эга. Бу жараёнда парламентларнинг фаол иштироки мустаҳкам қонунчилик асосларини яратиш, глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтиришга кўмаклашади. Ўзбекистон Ассамблея доирасида илгари суриладиган ташаббуслари билан халқаро ҳамжамиятнинг барқарор ривожланиш ва хавфсизликка қаратилган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса қўшишга интилади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси.
ЎзА