Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нормурод Нарзуллаевнинг “Танланган асарлар” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
“Танланган асарлар”дан атоқли шоирнинг “Меҳр чашмаси”, “Уфқларда кўзларим”, “Нигоҳлар”, “Лаҳза ва ларза”, “Севги сеҳри”, “Оқ саманим”, “Тонг элчиси”, “Аниқ вақт”, “Мурувват”, “Оқ фариштам, оппоқ фариштам”, “Қалбим қатралари”, “Юрт ишқида ёнаман”, “Шамолни ушлаган бола”, “Сайланма” каби китоблари ҳамда турли йилларда ёзилган шеърлари, қўшиқлари, қасидалари, балладалари, достонлари ва таржималари жой олган.
Нормурод Нарзуллаев шеърларида Ўзбекистон мустақиллигини нурга, ёғдуга қиёс қилади ва озодликни, эркинликни олий неъмат деб таърифлайди.
Нур ва ёғду шоирнинг севимли образларидан. Шоир нурли, эркин ҳаётдан завқланади ва “Умрим борки, ёғдуларга эгилгум” деб аҳду паймон қилади. Энг муҳими, шоир илҳомни олтину зарлардан эмас, балки ҳаётдаги инсонлардан, нурли қалблардан, халқимизнинг бунёдкорлик фаолиятидан излайди ва топади. Шоир ўз бахтини ана шу нурли оламда, ёғдулар қучоғида кўради ва бу ҳаётбахш туйғуни асарларининг мағз-мағзига, қат-қатига жойлайди. Мана, нима деб ёзади шоир Бобо ва набира ҳақида:
Қайтарканман ишдан ҳар сафар,
Иккаласи чиқар йўлимдан,
Назаримда бобо етаклар
Ўз ёшлигин ушлаб қўлидан...
Ёки ушбу сатрларга эътибор беринг:
Иқбол бўлиб куйлар замона,
Ҳаёт гулгун шафақли тонгдан!
Бахтиқаролик биздан бегона,
Бахтим бутун сен билан, Ватан...
Нормурод Нарзуллаевнинг “Танланган асарлар”ини ўқинг.
ЎзА