Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан Навоий шаҳрида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида кўп қаватли уйларда айрим мулкдорлар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланди.
Бундай ҳолатни Ислом Каримов кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида кузатиш мумкин. Бу эса амалдаги қурилиш ва фойдаланиш меъёрларига мутлақо зид ҳисобланади.


– Рейд тадбирлари давомида мулкдорлар томонидан кўп қаватли уйнинг туташ ҳудудида ноқонуний қурилма қурилгани ҳолати аниқланди, – дейди ҳудудий инспекциянинг кўп квартирали уйларни сейсмик мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлигини мониторинг қилиш шўъба бошлиғи Суҳроб Рўзиев. – Аниқланган ҳолат бўйича мулкдорга бажарилиши шарт бўлган расмий кўрсатмалар берилди. Ушбу кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.


Албатта, ҳар қандай қурилиш ёки қайта таъмирлаш ишлари фақат белгиланган тартибда, тегишли рухсатномалар асосида амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар нафақат қонунбузарлик, балки кўп қаватли уйларнинг конструктив мувозанатига ва аҳоли хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Тартиб ва меъёрларга амал қилиш эса хавфсиз, қулай ва замонавий шаҳар муҳитини яратишга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ve2MQi9h_Wo" title="Noqonuniy qurilishga yo‘l qo‘yilmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири