Жамоат транспорти ва бекатларда яратилаётган шароитлар аҳолини манзилларига хуш кайфиятда етказишга асос бўлади. Бундай жараёнда ногиронлиги бўлган шахслар учун ташкил қилинган қулай шароитлар алоҳида аҳамиятга эга.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида Тошкент шаҳар Бектемир туманида жамоатчилик назорати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ҳамда Транспорт назорати инспекцияси ҳамкорлигида ўтказилган мониторингда тумандаги жамоат транспортларида ногиронлиги бор шахслар учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Бунда автобуслар ва бекатларнинг ногиронлиги бор фуқаролар учун жисмонан мослашганлиги ҳолатлари кўздан кечирилди. Жумладан, автобусларга кириш-чиқиш учун яратилган шароитлар, тўхташ бекатларидаги махсус белгиланган жойлар, кўргазмали белгилар ва платформага мослик ҳолати, автобус ҳайдовчилари ва хизмат кўрсатувчи шахсларнинг инклюзив ёндашувга тайёргарлик даражаси кузатилди.
Шу билан бирга, ахборот воситалари, аудио эълонларнинг мавжудлиги ҳамда фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинди.
Мониторингга кўра, муайян ижобий натижалар билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги қайд этилди, дейилади Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси маълумотида.
Жамоатчилик назорати имкониятлар тенглигини таъминлаш ва инклюзив муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундай ўрганишлар келгусидаги чора-тадбирлар режасини белгилаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА