Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлиги ортмоқда
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ННТларнинг юрт тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда уларнинг фаоллигини оширмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари доирасида тадбир ўтказилди.
“Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш дастури ижросини таъминлашда ННТ ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзуидаги йиғилишда давлат органлари, парламент вакиллари, Адлия вазирлиги ва ННТ раҳбарлари, жамоат фондлари ва фуқаролик жамияти институтлари масъуллари иштирок этди. Улар ННТларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдаги аҳамияти ва давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин ННТ фаолият юритмоқда. Улар фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида мамлакат тараққиётида, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришда ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол. Давлат сиёсатида ҳам фуқаролик жамиятини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, ННТлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, 2021–2025 йилларда амалга оширилаётган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида ННТ раҳбарлари учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқувлари изчил ташкил этилди. Шу кунга қадар Президент Фармонида кўрсатилганидек, 750 нафар ННТ раҳбарлари мазкур курсларни муваффақиятли якунлади. Бу жараён учинчи сектор вакилларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қайд этилганидек, йилдан-йилга давлат томонидан ННТларни қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмлари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, жамоат фондлари орқали ҳар йили юзлаб лойиҳа молиялаштирилаётир, давлат буюртмалари тизими орқали аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Шунингдек, рақамли ислоҳотлар доирасида “E-ngo.uz” ягона электрон платформаси орқали ҳисоботларни тақдим этиш тизими жорий этилди.
Мазкур имкониятлар ва шарт-шароитлар натижасида амалга оширилган юзлаб лойиҳалар ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, экологик барқарорлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида сезиларли самара берди. Шу жиҳатдан, фуқаролик жамияти вакилларининг фаоллиги мамлакатда демократик жараёнларни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида қайд этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
[gallery-25297]
Малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлаган 84 нафар тингловчига Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг сертификатлари тантанали равишда топширилди.
Мазкур малака ошириш курслари ННТ раҳбарларининг билим ва кўникмаларини янада чуқурлаштириб, уларнинг давлат дастурларидаги иштироки, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги ташаббуслари ва фаолиятини самарали амалга оширишга ҳамда аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, кучли фуқаролик жамияти сари ташланган дадил одимлардандир.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА