
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилда белгиланган устувор вазифалар юзасидан ОАВ вакиллари ҳамда журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
“НКМК” АЖ Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Холмамат Раупов бошқариб борган анжуманда комбинат фаолиятининг самарадорлигини ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати геология, кончилик, металлургия, энергетика, транспорт, қурилиш ва бошқа соҳаларни мужассам этган кўп тармоқли стратегик ишлаб чиқариш кластери ҳисобланади.
– 2024 йилда “НКМК” АЖ томонидан 93,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 2023 йилга нисбатан 105,3 фоизни ташкил этди, – дейди Бюджетлаштириш ва контроллинг бошқармаси Статистика ва бошқарув ҳисоботи бўлими бошлиғи Ботиржон Эргашев. – Жумладан, олтин ишлаб чиқариш режаси 105,2 фоиз, кумуш ишлаб чиқариш эса 113,4 фоизга бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига 57,5 триллион сўм миқдорида солиқлар ва дивидендлар тўланди. Қимматбаҳо металллар ишлаб чиқариш дастурига кўра, 2026 йилда олтин ишлаб чиқариш ҳажмини 2016 йилга нисбатан 30 фоизга ошириш режалаштирилган бўлса, режа 2 йил олдин уддаланди. 2014 йилда бу кўрсаткич 32,2 фоиз қилиб бажарилди.
Тадбирда инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди Таъкидланганидек, якунланган йилда 790 миллион долларлик маблағ ўзлаштирилиб, 715 та янги иш ўрни яратилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 916 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди ва тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида 6,2 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинди.
– Харажатларни мақбуллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ижроси маҳсулот таннархини 3,7 триллион сўмга камайтириш имконини берди, – дейди комбинатнинг Инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олимжон Зарипов. – 2024 йилда инвестицион лойиҳалар доирасида 3-гидрометаллургия заводида йилига 1 миллион тонна олтин таркибли маъданни қайта ишлаш қувватига эга 7-тегирмон блоки, “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасининг инфратузилма объектларини қуриш ва “Амударё-Зарафшон” сув қувурининг учинчи линиясини қуриш ҳамда насос станцияларини реконструкция қилиш лойиҳалари ишга туширилди.
Бугунги кунда комбинат тизимида 47 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг меҳнат қилиши, малакаларини ошириш ва қайта тайёрлаш борасида барча шароит ва имкониятлар яратилган.
[gallery-22254]
– 2024 йилда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида 15 минг 261 нафар ишчи-ходим ўқитилди, – дейди Кадрлар бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Раҳматов. – Жумладан, комбинатнинг 5 та ўқув марказида 12 минг 840 нафар ишчи белгиланган дастурлар бўйича касбга ўқитилди. 2 минг 421 нафар раҳбар ва муҳандис техник ходим соҳаси бўйича республика олий ўқув юртлари, мамлакатимиз ва хорижий малака ошириш марказларида малакасини оширди. Ўтган йилда қарийб 700 нафар олий ўқув юртларининг битирувчилари комбинат корхоналарига ишга қабул қилинди. Навоий шаҳридаги Мономарказда таълим олган тингловчиларнинг 238 нафари мутахассислиги бўйича комбинат бўлинмаларида амалиёт ўтаб, ишга жойлаштирилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари коррупцияга қарши кураш, мурожаатларни ҳал этиш, рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги саволларига жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари