
Нидерландия Украина учун йирик дрон лойиҳасини молиялаштирмоқда. Айни мақсад учун 500 миллион евро ажратилади. Ушбу маблағ 2025 йилга мўлжалланган 2 миллиард евролик тезкор ёрдам миқдорининг бир қисмидир. Мазкур маълумот мамлакат Вазирлар Маҳкамаси яқинда эълон қилган баёнотда келтирилган.
Таъкидланишича, бу қарор мудофаа вазири Рубен Брекелманс ва Қироллик Мудофаа вазирлиги давлат котиби Гейс Туйнманнинг Украинага сўнгги сафари якуни бўйича чиқарилган.
Нидерландия учувчисиз учоқлардан ташқари Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ўқ-дори ва ҳарбий-денгиз техникаси кўринишида ҳам тезкор ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Шунингдек, икки мамлакат саноат тармоқлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича келишув ҳам имзоланди.
Октябрь ойида Брекелманс Украина билан замонавий дрон ва муваффақиятли прототиплар яратишни тезлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилишини маълум қилганди. Қурилмаларнинг ярми Нидерландияда ишлаб чиқарилади.
Март ойида Бош вазир Дик Шоф Украинага 2026 йил учун мўлжалланган 3,5 миллиард евролик ёрдам янгиланиши ҳақида айтган.
Шу кунгача Гаага Киевга ажратган ҳарбий ёрдам 10 миллиард евродан ошган. Шундан 6 миллиард еврога яқини сарфланган.
С.Раҳимов, ЎзА