Нефть-газ тармоғини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов “Boston Consulting Group” халқаро консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Унда нефть-газ тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани модернизация қилиш ва самарадорликни оширишга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди. Хусусан, геологик ўрганиш, углеводород ресурсларини қазиб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш жараёнларини такомиллаштиришда стратегик консалтинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар таъкидлаганидек, нефть-газ саноатида илғор бошқарув тажрибаларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро стандартларга мос инновацион ечимларни татбиқ этиш муҳим ҳисобланади.
Жамият ахборот хизматига кўра, музокаралар якунида томонлар мавжуд ҳамкорлик имкониятларини янада чуқур ўрганиш, устувор йўналишлар бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш ва ҳамкорликнинг потенциал форматларини батафсил кўриб чиқишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА