Юртимизда Наврўзи олам дилларга шукуҳ улашмоқда. Меҳнат жамоаларида, қишлоқ ва маҳаллаларда, таълим муассасаларида сайиллар давом этмоқда.
Жумладан, Наманган давлат техника университетида баҳорий янгиланиш ва миллий қадриятлар айёми кўтаринкилик билан нишонланди. “Наврўз – Янги ҳаёт, янги марралар сари!” шиори остида бўлиб ўтган байрам сайллари университет жамоаси ва талабаларга шодон кайфият улашди.

Сайл доирасида халқимизнинг бой мероси, миллий анъаналари ва қадриятлари тараннум этилди. Баҳорнинг файзли кунида университет майдони байрам шукуҳи билан тўлиб-тошди. Анъанавий улоқ-кўпкари мусобақалари шиддат ва ҳаяжон ила ўтиб, чавандоз йигитларнинг маҳорати барчага завқ бағишлади. Дорбозлик санъати усталари – “Йўлдош ота сулоласи” оилавий дорбозлар гуруҳи ҳайратомуз чиқишлари билан йиғилганларни лол қолдирди. Айниқса, миллий куй ва қўшиқлар янграб, талабалар томонидан тайёрланган саҳна чиқишлари, қўшиқ ва рақслар байрам кайфиятини янада кўтарди.
Университетда Наврўз муносабати ҳамда муборак Рамазон ойи фазилатларини улуғлаш, эзгулик ва меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлаш мақсадида профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талаба-ёшлар учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.

Самимий ва файзли кечада жамоа аъзолари бир дастурхон атрофида жам бўлиб, илиқ суҳбатлар, эзгу тилаклар ва дуолар билан ошно бўлишди.
Наманган давлат техника университети раҳбарияти Наврўзи оламга муносиб тўёна билан кириб борди. Олийгоҳда янги “Кимёвий-технология ўқув-илмий лаборатория маркази” фойдаланишга топширилди.
Университет олимлари томонидан бажарилаётган илмий лойиҳалар доирасида қарийб икки миллиард сўм миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан барпо этилган мазкур марказ замонавий илмий тадқиқотлар ва амалий машғулотларни ўтказиш учун барча зарур шароитларга эга бўлиб, у йигирмадан зиёд сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари билан таъминланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА