
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг Самарқандда яшаган даврини навоийшунослар тўрт йил, яъни, 1465–1469-йиллар деб белгилашади. Бу даврда Навоий 25-29 ёшлардаги ўспирин, шаҳарда ҳали танилиб улгурмаган, мусофир йигит эди.
Албатта, ёш шоир бу ерда Аҳмад Ҳожибек, Хожа Аҳрор Валий сингари таниқли, юқори мартабали инсонлар билан учрашди, уларнинг моддий ва маънавий дастагидан баҳраманд бўлди. Ўз она юртидан қувғинга учрагач вақтинча бошпана учун айнан Самарқандни танлаб адашмаганди. Бу ерда билим олди, ижод қилди, тафаккурини ўстирди.
Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида Самарқандда танишган бир қанча шоир дўстлари, устозлари ҳақида маълумот беради, уларнинг шеърларидан мисоллар келтиради. Буюк шоир бу шаҳарда илмий ва ижодий жиҳатдан юксак камолотга эришди, дейиш мукин.
У Самарқанднинг тарихий обидалари билан яқиндан танишди, улардан ҳайратланди. Улуғбек қурдирган расадхонани “зеби жаҳон” яъни дунёнинг зийнати деб атади. Самарқандни “фирдавсмонанд” дея таърифлаб, жаннат боғларига қиёслади. Бу шаҳарда ишқ-муҳаббат, эзгуликка йўғрилган юзлаб ғазаллар битди.
Аммо, шоирнинг Самарқанддаги тўрт йиллик ҳаёти тўкис, бекаму-кўст, фаровон ўтди, дея оламизми? Тарихчи Фахри Ҳиравий ҳам ўзининг “Латойифнома” асарида Навоийнинг Самарқандда ўтказган йиллари ҳақида ёзаркан, Навоийнинг ўзи ҳикоя қилиб берган бир воқеани унинг тилидан баён этади:
“...Ўша вақтларда бир куни кечқурун сувга эҳтиёж пайдо бўлди. Ҳаво жуда совуқ эди. Ҳаммомга боришимга тўғри келди. Пулим тугаган, ёнимда биргина жузвдон (сумка) бор эди. Ҳаммомчига “шу жузвдонимни гаровга олиб туринг, пул топсам қайтиб келиб, қарзингизни тўлаб, опкетаман” деб ҳар қанча илтимос қилсам ҳам олмади...”
Шундан сўнг нима бўлгани номаълум. Нима бўлганда ҳам, покланиш умидида борган шоир эшик олдида бир хасис одам билан тўқнашганди. Тамом.
Ҳар доим шу жумлаларни ўқиётган пайтимда хасис ҳаммомчининг ёнида ночор термилиб турган буюк мутафаккиримизнинг мунгли нигоҳи кўз олдимга келаверади. Буюк ва мўътабар зотдан ярим челак сувни қизғанган бу “юртдошимиз” ким бўлди экан? Ўша киши қаршисида турган бу ночор талабанинг шуҳрати пайти келиб, бутун дунёни тутишини билганмикин? Ўша инсоннинг авлодлари бугун қаерда, нималар билан машғул бўлса?...
Ҳа, таассуффки, бу каби инсонлар Навоий замонида ҳам бор эди, ҳозир ҳам тўлиб ётибди. Бунақаларни ҳар доим, ҳар ерда учратиш мумкин...
Рустам ЖАББОРОВ,
журналист.
ЎзА