Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Навоий шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳудудда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, вилоят аҳлига самимий ва энг эзгу тилакларини билдирди.
– Сўнгги саккиз йилда вилоятда 2,8 мингта кўп қаватли уйлар қурилиб, 41 минг оила янги хонадон соҳиби бўлди, – деди вилоят ҳокими. – Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши 53 фоиздан 85,7 фоизга етказилиб, 198 мингта оилага тоза ичимлик суви кириб борди. Вилоят бўйича 6,5 минг км йўл, шу жумладан, 4 минг км ички йўллар ва 116 та кўприк таъмирланди. Бир мингдан ошиқ трансформатор ва 3,2 минг км электр тармоқларини янгилаш ҳисобига 218 мингта хонадонда энергия таъминоти барқарорлиги яхшиланди.
[gallery-25059]
Жорий йилда вилоятга 60 дан ортиқ янги автобус олиб келиниб, олдин деярли йўқолиб кетган жамоат транспорти қайта тикланди.
Мактабгача таълим қамрови 34 фоиздан 85,5 фоизга, олий таълим эса 14,5 фоиздан 70,5 фоизга етказилди. 11 та янги мактаб, 141 тасини капитал ва 58 тасини мукаммал таъмирлаш ҳисобига вилоят бўйича мактабларимизда навбатлилик коэффициенти 1 фоизга туширилди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, вилоятда авваллари боғча бўлмаган 85 та маҳаллага мактабгача таълим кириб борди.
Жорий йилда олий таълимга киришнинг ўртача бали бўйича Зарафшон шаҳри республикада 1-ўринни эгаллаган бўлса, Қизилтепа тумани вилоятда 1-ўринни қайд этди. Шу билан биргаликда вилоятда 10 та мактабнинг битирувчилари 100 фоиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида кейинги йилларда вилоятимизда бирламчи тиббий ёрдам муассасалари сони 329 тага етказилди. Ўтган давр мобайнида вилоятда 3848 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг 2800 нафари вилоят муассасаларида ва 1048 нафари шаҳар,туман тиббиёт бирлашмаларида амалга оширилди.
2017 йилда вилоят саноати 4-5 та йирик корхонага боғланиб қолган бўлса, ислоҳотлар натижасида сўнгги 8 йилда саноат корхоналари 3,8 бараварга кўпайди. Тадбиркорлар 9,7 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 3 баробарга ошиб 29,6 мингтани ташкил этмоқда
Фаол инвестиция сиёсатининг олиб борилиши натижасида вилоятда қиймати 8 миллиард долларлик 7117 та лойиҳа амалга оширилиб, 73 мингдан зиёд юқори даромадли янги иш ўринлари яратилган бўлса, биргина 2025 йилнинг ўзида қиймати 3,3 миллиард долларлик 565 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мустақиллигимизнинг қутлуғ 34 йиллиги байрами муносабати билан Президентимиз фармонига асосан 25 нафар навоийлик давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.
Тантанали тадбирда она Ватанни, истиқлол ва юрт тинчлигини тараннум этувчи қўшиқлар янгради ва йиғилганларга байрамона қайфият улашди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари