ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2025 йил 24 июндаги “Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича “Маҳалла банкири” ва “Ёрдамчи-агент”ларнинг малакасини ошириш юзасидан ўқув-амалий семинарни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ва ўқув-семинарлари ташкил этилиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси масъуллари иштирокида юқори савияда ташкил этилди. Жараёнда, Конимех, Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Кармана туманлари ҳамда Ғозғон ва Навоий шаҳарларида ўтказилган ўқув-семинарларида маҳаллаларига бириктирилган “Маҳалла банкири” ва “Ёрдамчи-агент”ларга Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармасининг Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқини ҳимоя қилиш, молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш шўъбаси масъул ходимлари томонидан мавзу юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Семинарларда “Маҳалла банкири” ва “Ёрдамчи-агент”лар орқали аҳолига банк хизматларини тарғиб қилиш, ҳисоб рақам очиш, карталар, омонат, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, аҳоли жамғармасини сақлаш усуллари бўйича тақдим этилган маърузалар интерфаол усулларда олиб борилди.
[gallery-25104]
Шунингдек, янги мижозларни жалб қилиш ва уларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишнинг муҳим омиллари, кредит олиш тартиблари ҳамда ундан мақсадли фойдаланишдаги устуворлик, қарз юки, рақамли банк хизматлари: мобиль иловалар, онлайн хизматлардан фойдаланишда киберхавфсизлик (фирибгарлик) масалаларини аҳолига тўлиқ ва сифатли етказиш борасидаги ишларини янада жадаллаштириш, кундалик иш фаолиятларини тўғри тартибга солиш ҳамда мувофиқлаштириш бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Бу каби ўқув-семинарлари “Маҳалла банкирлари” ва “Ёрдамчи-агент”ларнинг молиявий саводхонлигини оширишда ҳамда уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларни аҳолига оддий, содда усулда етказишида муҳим аҳамият касб этади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА