Навоий шаҳрида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирокида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ушбу ярмаркада Навоий вилояти, шунингдек, республикамизнинг бошқа вилоятларидан ташриф буюрган 235 дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг 3 мингга яқин маҳсулотлари намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи товарлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари ҳамда лойиҳалари билан қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, ярмарка тоғ-кон металлургияси, кимё саноати, электротехника, энергетика ва қурилиш материаллари, шу билан бирга заргарлик буюмлари ҳамда ҳунармандчилик соҳаларида тармоқ ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам катта имкониятлар яратиб беришини таъкидлади.
Кейинги йилларда Навоий вилоятида саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда импортни оптималлаштириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 3000 дан ортиқ саноат корхонаси ва 290 га яқин хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилда 101,8 триллион сўмни, 2024 йилда эса 145,6 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми 170,1 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда. Шунингдек, ҳудудий саноат корхоналарининг жорий йилдаги ўсиш суръати 130 фоизни ташкил этиши кўзда тутилган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил якунига қадар 155 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилиши ҳисобига 2,5 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
– Вилоятдаги саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлари ҳамда “шатакка олиш” механизми бўйича тармоқ корхоналар томонидан кичик корхоналар қўллаб-қувватланаётганлиги ҳисобига 2024 йилда шатакка олинган ва тармоқ корхоналар ўртасида қўшимча 910 миллиард сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилди, – деди вилоят ҳокими. – Жорий йил якуни ҳамда 2026 йилда режалаштирилган ишларимизни тўлиқ амалга ошириш ҳисобига ҳудудий маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга, ўзаро кооперация алоқалари ҳисобига товарлар сотилишини 2 баробарга ва саноат маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга кўпайтиришни белгилаб олганмиз.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш соҳасига замонавий технологияларни кенг жорий этган ҳолда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳим вазифалардан бирига айланган. Жумладан, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда ҳам маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлаш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича аниқ ва асосланган режалар асосида ишлар олиб борилмоқда.
– Жорий йилнинг ортда қолган 8 ойида комбинат томонидан 987 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ўзлаштирилди. Ушбу кўрсаткични йил якунига қадар 1,4 триллион сўмга етказиш режалаштирилган, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов. – Бугунги кунда комбинат томонидан амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари учун керакли асбоб-ускуналар, дастгоҳлар ва техникалар учун эҳтиёт қисмларни ҳамда гидро металлургия заводларимиз учун йирик ҳажмдаги маъданларни майдалаш тегирмонлари тўлиқ ўзлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этилмоқда. Жумладан, оғирлиги 900 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги маъданни майдалаш тегирмонлари ҳамда масофадан бошқариладиган гидроциклон қурилмаси каби юқори қийматли янги маҳсулот турлари бунга мисолдир. Шунингдек, комбинат ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳаллий корхоналар қувватларида ҳам импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш йўлга қўйилган. Ҳозирда кичик корхоналар билан биргаликда тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида комбинатнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган 200 дан зиёд янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилмоқда.
Муҳими, саноат ярмаркасида саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлди.
– Корхонамиз фаолиятини бошлаганига 64 йил бўлди ва ҳозирда 300 турдан зиёдроқ маҳсулот ишлаб чиқарилади, – дейди “Геобуртехника” МЧЖ бош муҳандиси Фарҳод Комилов. – Ҳозирда “НКМК”, “ОКМК”, “Ўзбек гелогия қидирув”АЖ ва бошқа бир қатор корхоналар асосий харидорларимиз ҳисобланиб, уларга ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни етказиб бермоқдамиз. Шунингдек, корхонамизда келишув асосида маҳсулотлар чизмаси шаклида ҳам маҳсулотлар тайёрлаб бериш йўлга қўйилган. Келгусида Қозоғистон ва Россия давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бугун Навоий шаҳрида бўлиб ўтаётган ярмаркада бир қатор корхоналар билан манфаатли шартномалар туздик. Бу эса фаолиятимизни янада кенгайтиришга ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.
[gallery-25275]
Ярмарка давомида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, В2В учрашувлари ўтказилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА