Фарзандларнинг моддий таъминотини таъминлаш — ота-оналарнинг қонун билан белгиланган мажбурияти ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолатларда бу вазифадан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Сайхунобод туман Мажбурий ижро бюроси томонидан суд қарорларининг ижросини таъминлаш бўйича олиб борилган тадбирлар чоғида Сирдарё вилояти фуқароси М. Фозиловнинг фарзанди фойдасига белгиланган алимент тўловини амалга оширмаётгани ва яшириниб юргани аниқланди. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Кўрилган чоралар натижасида қарздор ота Навоий вилоятининг Хатирчи тумани ҳудудидан топилиб, давлат ижрочисига топширилди. Суд қароридан бўйин товлагани ва алимент тўловини узоқ муддат тўламагани учун у маъмурий жавобгарликка тортилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Мажбурий ижро бюроси масъуллари таъкидлашича, алимент тўловларини кечиктириш ёки умуман тўламаслик нафақат фарзанд манфаатларига, балки ота-оналарнинг ҳуқуқий жавобгарлигига ҳам таъсир қилади. Шу боис, бюро томонидан аҳоли ўртасида алимент тўлаш маданиятини ошириш, қонун талабларига риоя этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тушунтириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири