Навбаҳор туманида “Навбаҳор томорқа хизмати” МЧЖ томонидан маҳаллий инвестиция ҳисобига қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали лойиҳа амалга оширилмоқда.
2023 йилда 10 миллиард сўмлик инвестиция эвазига 80 минг дона тухум йўналишидаги паррандачилик лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Жорий йилда лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиб, умумий ҳисобда 160 минг бош товуқ парваришланмоқда. Лойиҳа доирасида 30 дан ортиқ маҳаллий фуқаро доимий иш билан таъминланган.

Ҳозирги кунда корхонада кунига ўртача 130 минг дона тухум етиштирилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.

2026 йилда корхонада етиштирилаётган тухумларни Афғонистон бозорига экспорт қилиш режалаштирилган.

***
Навбаҳор туманида фаолият олиб бораётган Туркиянинг “Менги текстиль” хорижий корхонаси 2021-2022 йилларда 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига ташкил этилган бўлиб, у ерда трикотаж маҳсулотлари ҳамда пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар асосан Россия Федерациясига экспорт қилинади. Жорий йил бошидан буён корхона томонидан тахминан 6,5 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, йил якунига қадар яна 1 миллион долларлик экспортни амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда корхонада 400 дан ортиқ хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.
***
Навбаҳор туман маданият бўлимида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий филиали томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини тарғиб қилиш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Унда иштирокчиларга меҳнат миграциясини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳукумат томонидан белгиланган имтиёз ва кафолатлар, хорижда ишлашнинг қонуний механизмлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Шунингдек, фуқароларни ноқонуний меҳнат миграцияси хавфлари, уларнинг олдини олиш йўллари ҳамда чет элда ишловчи юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА